Янги китоблар: “Самарқанд мустақиллик йилларида”

Яқинда “SAHHOF” нашриётида шу номдаги хронологик кўрсаткич чоп этилди.

Ўтган 30 йилнинг ҳар бир куни Ўзбекистон, шунингдек Самарқанд вилояти, мард ва фидойи халқимиз ҳаётида ўзига хос из қолдирди.

Жумладан, ушбу тўпламда Ватанимиз мустақилликка эришгандан шу бугунгача вилоятимизда содир бўлган муҳим воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва кўрсаткичлар ҳақида “Зарафшон” газетасида чоп этилган хабар ва мақолалар асосида ўзига хос маълумотнома тайёрланди.

Шунингдек, рисолада вилоят ҳаётидаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, кўрсаткичлар ва рақамлар ўтган йилларга таққосланган.

Рисола ўттиз йилда Самарқанд вилоятида амалга оширилган ислоҳотлар, ўзгаришлар ва янгиликлар билан танишишни истаган, таққослама иқтисодий-ижтимоий кўрсаткичларни таҳлил қилишга қизиққан китобхонлар учун мўлжалланган.

***

“Фазилат опанинг фазилатлари”

Ижодкор Муҳаммад Мурод Султон қаламига мансуб “Ўзбекистон денгизи” соҳилларида” номли китоби чоп этилди.

Ушбу китобдан Каттақўрғон сув омбори қурилиши, сув ҳовузидан фойдаланиш бошқармаси ва сув ҳовузи шаҳарчасининг ташкил топиши тарихи ҳақида қизиқарли маълумотлар ўрин олган. Китоб кирилл ва лотин алифболарида берилган.

Унда ушбу сув ҳовузининг 80 йиллик тарихи ўрин олган. Бунда халқнинг сув омборини қуриши, унинг қурилишида бош-қош бўлган инсонлар ва турли муҳим тарихий ҳодисалар ўрин олган. Қолаверса, бугун дунёда энг катта муаммога айланган ичимлик суви, қурғоқчилик ҳақида ҳам сўз борган. 

Сермаҳсул ижодкорнинг истеъдодли шоира Азиза Боймуродова билан ҳаммуаллифликда шоира ва журналист, “Дўстлик” ордени соҳиби Фазилат Абдуллаеванинг умр йўли ва ижодий портретларига чизгилари акс этган “Фазилат опанинг фазилатлари” китоби ҳам нашрдан чиқди.

Китобда шоиранинг ибратли ҳаёт мактаби, ижодий маҳорати ҳақида сўз боради. Шунингдек, унда А.Боймуродованинг турли газеталарда чоп этилган мақолалари ҳам  ўрин олган.  

***

“Миёнқолнинг фидойи инсонлари”

Яқинда таниқли ижодкорлар Гулчеҳра Усмонова ҳамда Муқаддам Ҳайитова ҳаммуаллифлигида шу номдаги китоб нашрдан чиқди.

Ушбу китобда Иштихоннинг меҳнатсевар, фидойи фарзандлари ҳаётидан ибратли лавҳалар, фарзандлари, замондошлари ва шогирдларининг улар ҳақидаги хотиралари ўрин олган.

Иштихон азалдан пахта ва ғалла етиштириш усталари, боғбон ва полизчилар диёри саналган. Айниқса, ғалла етиштириш борасида республикада ўзига хос тажрибага эга бўлган туман. Бу ҳудудда кўплаб донгдор агрономлар етишиб чиққан. “Миёнқолнинг фидойи инсонлари”да яқин ўтмишда яшаб ўтган ана шундай уста деҳқонлар, саховатли инсонлар, ишлаб чиқаришнинг моҳир ташкилотчилари ҳақида ҳикоя қилинади.

Унда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, халқ орасида Лукаш ботир номи билан танилган Луқмон Ўроқов, дунё кезган агроном Зойир Зиётов, қишлоқ хўжалиги фидойиси Жўрақул Каримов каби инсонлар ҳақидаги ибратли, ҳаётий воқеалар ўқувчида катта таассурот қолдиради. Бу каби оғир йилларда, қийин шароитларда ўзининг фидокорона меҳнати билан эл корига яраган инсонлар рўйхатини анча давом эттириш мумкин. Китобни варақлар экансиз улар нафақат Миёнқолда, балки бутун мамлакатимизда ўз ўрнига эга бўлган миллат фидойилари эканига амин бўласиз.

***

“Ҳаёт сабоқлари”

Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, ижодкор Назар Ботирнинг “Ҳаёт сабоқлари” китобида маллифнинг мазмунли ҳаёт йўлидан саралаб олинган ибратли воқеалар ва ҳикоялар жамланган.

Мазкур рисолада муаллиф болалигининг беғубор дамлари, мактаб бағридаги шодон кунлари, олий даргоҳ қучоғида билим сарчашмаларидан баҳраманд бўлиши, сўнгра олийгоҳда фаолият кўрсатишдек бахтга муяссар бўлганлиги, вилоят миқёсидаги иш фаолиятини таълим-тарбия масалалари билан узвий олиб бориш асносидаги воқеалар занжири баён қилинган.

Қувонарлиси шундаки, улар қуруқ далил ёки чизмалар эмас, балки бадиий бўёқлар орқали лўнда ва содда шаклда баён этилган. Уни мутолаа қилган ҳар бир ўқувчида ўзига хос фикр уйғотади.

Рисола кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.

Сулаймон Мардиев,

Фазлиддин Рўзибоев.