Йил охиригача 4200 нафар ўзбекистонлик Россиядаги қурилишларга ишга жойлаштирилади
Россия Федерациясидаги Нефть ва газ илмий-тадқиқот ва лойиҳалаштириш институти раиси ўринбосари Денис Мишченко бошчилигида Renaissance Heavy Industries ва Yamata Yatirim İnşaat Turizm ve Ticaret Anonim Şirketi компаниялари вакилларидан иборат делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Делегация аъзолари билан Вазирлар Маҳкамасининг Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик департаменти ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида учрашувлар ўтказилди.
Учрашувларда пандемия шароитида меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерациясига ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилиш, уларга касб ва тил ўргатиш каби масалалар муҳокама этилди.
Икки томонлама музокараларда йил якунига қадар 4200 нафар фуқарони йирик қурилиш объектларига ишга жалб қилиш, улар учун қулай шароитлар яратиш, транспорт, ишлаш учун ҳужжатларни расмийлаштириш, иш ҳақи ва бошқа масалалар бўйича кейинги вазифалар белгилаб олинди.
Ташриф доирасида делегация аъзолари Тошкент шаҳридаги ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази ва «Ишга марҳамат» мономаркази фаолияти билан танишди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда вазирлик тизимидаги ташкилотлар раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида видеоконференция шаклида йиғилиш ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз, 31 июль куни 144 нафар фуқаро ташкиллаштирилган ҳолда Россиянинг Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлаш учун чартер рейс орқали учиб кетган эди.