1 мартдан бошлаб аҳолининг минимал истеъмол харажатлари миқдори эълон қилиниши белгиланди
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида иқтисодий ислоҳотлар, хусусан, аҳолини камбағалликдан чиқариш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
Бу бежиз эмас. Чунки “Темир дафтар”нинг жорий этилиши – эҳтиёжманд аҳолини тўғри аниқлашда ва шу асосда, улар билан манзилли ишларни ташкил этишда ўз самарасини берди. 2021 йилдан тўлиқ ишга тушадиган “Ижтимоий реестр”да “Темир дафтар”даги барча маълумотлар қамраб олиниб, эҳтиёжманд оилаларга 30 дан зиёд ижтимоий хизматлар электрон шаклда кўрсатилиши белгиланди.
Биринчи навбатда, камбағал аҳолининг асосий эҳтиёжларининг кафолатли таъминланиши лозимлиги ва бу масалада халқаро экспертлар билан чуқур таҳлил асосидаги ҳисоб-китоблар якунига етказилаётганлиги, 2021 йил 1 мартдан бошлаб аҳолининг минимал истеъмол харажатлари миқдори эълон қилиниши белгиланди.
Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада “Камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил – бу инсоннинг интилиши, ўз кучига таянган ҳолда, аниқ мақсад сари ҳаракати бўлиши керак. Шу мақсадда келгуси йили маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича мингдан зиёд марказлар ташкил этилади. Бунда касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир шахс учун ўқув марказларига 1 миллион сўмгача субсидия берилиб, бунинг учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади. Ўқув курсларини тамомлаб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга асбоб-ускуна харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар берилади. Шунингдек, ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилади”. Албатта бу ҳам юртимизда аҳолини камбағалликдан чиқаришга қаратилмоқда.
Эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлашга Бандликка кўмаклашиш ҳамда Жамоат ишлари жамғармаларидан 500 миллиард сўм йўналтирилиши белгиланди. Пандемия шароитида ўз ишини йўқотган аҳолини камбағалликка тушиб қолмаслиги учун янгича тизим жорий этилади.
Мурожаатномада барча раҳбарларнинг биринчи даражали вазифаси ва иш самарасини баҳолайдиган асосий мезон камбағалликни қисқартириш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқиб, унинг ижроси бўйича ҳар чоракда маҳаллий Кенгашларда ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали халққа ҳисобот бериб боришлари лозимлиги таъкидлангани ҳам аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратилишини англатади.
Д.ШАКАРБОЕВ,
вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.