2021 йилда қилинган ихтироларнинг энг сараси
Time журнали 2021 йилнинг энг яхши ихтироларини эълон қилди. Ушбу нашрнинг “Яшаш тарзимизни ўзгартирадиган 100 та инновация” сарлавҳаси остидаги мақолалари мавжуд. Журналистлар ҳар йили дунёни “яхшироқ”, “ақллироқ” ва “қизиқарлироқ” қиладиган ихтиролар танлангани тўғрисида ёзмоқдалар.
Албатта, қилинган ихтироларнинг ҳаммасини эмас, бир нечта қизиқарли ёки ғалатиларини ажратиб эътиборингизга ҳавола этамиз.
Масалан, “Ҳаммабоп” номинациясида Nike компанияси қўл ёрдамида кийишни талаб қилмайдиган GO FlyEase кроссовкалари билан ғолибликни қўлга киритди. Кроссовкалар ўртасидаги илгак оёқларни ўрнаштириб қўяди, махсус лента эса уларни қулфлайди. Паралимпия спортчилари ҳамкорлигида яратилган пойабзаллар имконияти чекланган одамларнинг ҳаётини осонлаштириши мумкин.
“Сунъий интеллект” номинациясида дубляж учун янги имкониятларни очадиган дастур тақдим этилди. Энди фильмларни маҳаллийлаштирадиганлар эътиборни липсинк (лаб билан овозни синхронлаш)га қаратишлари, яъни, репликалар актёрларнинг лаблари ҳаракатига мос келиши керак. Бу дастур берилган овозли матнга кўра актёрнинг оғзи ва юз ҳолатини ўзгартириши мумкин. Натижада ҳар бир Голливуд актёри сизнинг тилингизда гапирадигандек туюлади. Қизиқ, кино ижодкорларининг ўзлари фильмлар маҳаллийлаштирилишининг бу усули тўғрисида қандай фикрда экан?
“Дизайн” номинациясида америкалик астрофизиклар томонидан ихтиро қилинган дунё харитасининг янги проекциядаги аниқроқ тасвири тақдим этилган. Унинг шакли винил пластинкага ўхшайди ва ушбу харитада баъзи бир мамлакатлар прогнозлардагидек катта кўринмаган. Бу янгилик эмасдек туюлади, лекин дунёга бошқача қарашнинг бир усулидир.
“Эксперимент” номинациясида том маънода компьютерни фикр кучи билан бошқариш имконини берадиган Stentrode тизими ғолибликни қўлга киритди. Киши умуман тугмачаларга тегмасдан интернет бўйлаб кезиши ва хабар ёзиши мумкин. Ушбу тизим миянинг ҳаракатларни бошқарадиган қисми томонидан ишлаб чиқилган сигналларни рақамлаштиради. АҚШда Stentrode аллақачон фалаж билан касалланган икки кишини муваффақиятли синовдан ўтказди. Бу эса ушбу ташхис қўйилган одамлар учун ҳаёт сифатини яхшилаш йўлидаги кичик бир қадамдир.
Коронавирусга қарши вакцинадан ташқари, “Саломатлик” номинациясига эҳтимол ундан ҳам муҳимроқ ихтиро - безгакка қарши вакцина кирди. Илгари у оддийгина йўқ эди. Дунёда ҳар йили 500 мингдан ортиқ киши безгакдан вафот этади, уларнинг ярмидан кўпи 5 ёшгача бўлган гўдаклардир. Препарат лойиҳаси 1987 йилдан буён тадқиқ қилиниб келинган, унга 750 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфланди. Пулларнинг катта қисмини Билл Гейтс ўз фонди орқали ажратган. Ниҳоят Mosquirix вакцинаси ЖССТ томонидан тавсия қилинмоқда. Унинг тўрт компонентли дозаси инфекция хавфини 40 фоизга, оғир касаллик хавфини эса 30 фоизга камайтиради, дейди Time.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.