500 доллар эвазига ҳарбийга ишга жойлаштирмоқчи бўлган шахс қўлга олинди
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри Гулистон маҳалласида яшовчи Тоғай Аллаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) жорий йил январь ойида Қизириқ тумани Тинчлик маҳалласида яшайдиган Чори Қўйлиевнинг ўғли Соҳиб Қўйлиевни Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисмлардан бирига шартнома асосидаги хизматга жойлаштириб беришни ваъда қилади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Бунинг эвазига Ч.Қўйлиевнинг 500 доллар пулини олиб, жуфтакни ростлайди. Ўғлининг ҳарбий либос кийишини олти ой интиқиб кутган ота иши ҳал бўлавермагач, бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат этади.
Мазкур мурожаатдан сўнг оёқ-қўли чаққон Т.Аллаевнинг бошқа сирлари ҳам фош бўлиб қолди. У Термиз шаҳри Темир йўлчи маҳалласида яшайдиган Холис Диёров ҳамда Термиз туманидаги Чегара маҳалласида яшовчи Сурат Нодиров, деган йигитларни Сурхондарё вилоят мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш марказида ўқитиб, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бераман, деб уларнинг саккиз миллиондан ортиқ пулини олиб, ўзлаштириб кетгани аниқланди.
Айни пайтда Т.Аллаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, 3-қисми “б”, “а” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.