Абитуриентларнинг 51,2 фоизи 56,7 балл ҳам тўплай олмади
Яқин йилларда мактабларимизни тугатган абитуриентларнинг ярмидан кўпи, аниқроғи 550 минг ёшлар тест топширилган фанларни 2 баҳога ҳам билмайди.
Ушбу хабар ижтимоий тармоқларда жуда кўплаб фикр-мулоҳазаларни келтириб чиқарди. Кўпчилик “Бизда таълим тизими тамом бўлди”, деган хулоса беришга ҳам улгурди.
Биз ҳаммамиз таълимга ўзимизни алоқадор деб биламиз. Чунки ҳаётимизнинг маълум қисми шу тизимда ўтган, ҳеч қурса ўзимиз давримиздаги ҳолатни эслаб ҳам таққослаймиз, таҳлил қиламиз, баҳолаймиз. Баҳойимиз, нари борса, у ёқ-бу ёқдан эшитганимиз ёки ўша, ўзимиз сабоқ олган даврлар билан ўлчанади. Аниқ биламан, бугун бу тизимга баҳо бераётганларнинг аксарияти ҳам соҳани чуқур билмайди.
Майли, гап бунда эмас. Аслида халқ таълими – мамлакатимиздаги энг йирик, аҳолининг катта қисмини иш билан, таълим олувчи сифатида қамраб олган тизим саналади. Бу тизимдан норозилар доим бўлган. Ва табиийки, нафақат бизда, балки бутун дунёда ушбу тизим мудом ислоҳотга муҳтож. Яъни юқоридаги бир рақам билан соҳани “чириб кетган” деб айтиш ноўрин. Бутун дунёда илм-фан соҳасида янгиликлар бўлаётган бир пайтда таълим ҳеч қачон жойида қотиб қолмайди, у мудом ўзгариш ва қўшимчаларга муҳтож бўлади.
- Собиқ иттифоқ даврида таълим ёмон бўлган, деб айтмоқчимасман, аммо эркинлик йўқ эди, шунинг учун доим мен бошқача ўқитувчи бўламан, дея орзу қилардим, - дейди Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси Феруза Гаффарова. – Ўқувчига фақат буйруқ бериларди, дўстона муносабат кўрмаганман. Бугун ўқитувчилар ўқувчи билан тенг мулоқот олиб борган ҳолда дарс ўтади. Шундай қила олган ўқитувчигина ютяпти. Тўғри, ҳозир ҳам таълим тизимида муаммолар талайгина.
Бугун ўқувчиларнинг ҳаммасини олий таълимга жалб қилишга эътибор кучайгани жуда яхши, ўқитувчилардан, мактабдан шу нарса талаб этилаётгани, олий таълимга қабул қилинаётган ўқувчилари сони кўп бўлган мактаблар рағбатлантирилаётганидан ҳам хурсанд бўламиз. Лекин бу масалага жуда катта эътибор қаратиш, мактабга баҳо беришда фақат шу мезонларни қўллашни маъқулламайман. Сабаби, мактабни тугатаётган ўқувчиларнинг 80-90 фоизи олий таълимга қамраб олиниши, аҳён-аҳёнда учраб турса-да, аммо уни кенг татбиқ этишнинг иложи йўқ. Ўқувчи талаба бўлиши шарт эмас, ўзи қизиққан соҳанинг эгаси бўлиши керак, деган фикрни ўқувчиларга сингдира олишимиз зарур. Узоқ йиллик ўқитувчи сифатида айтишим мумкинки, бир синфда олий таълим муассасасига кира олган ўқувчилар сони ўртача 20 фоизни ташкил этган.
Ўқувчилар орасида турли танловларнинг ўтказилиши яхши. Аммо бу каби тадбирлар дарсга халақит бермаслиги лозим. Афсуски, бугун дарс жараёни ҳар қандай тадбирдан кейинги ўринга тушиб қолмоқда. Ёшлар билан шуғулланадиган турли ташкилотларининг тарғибот ишларию, бошқа масалалар фақатгина дарсдан сўнг ўқувчининг вақтини олсин. Дарс – муқаддас! Буни нафақат ўқитувчи, балки ўқувчи ҳам ҳис қилиши, дарс масъулиятини мактаб давриданоқ билиши лозим. Аслида яхши ўтилган дарснинг ўзи тарбия ҳамдир. Олий таълим талабаси бўлиш имконини бериш учун кўп мактабларда юқори синф ўқувчиларининг репетиторга қатнашига имкон берилганига гувоҳ бўляпмиз. Бу мактабнинг обрўйини тушириши ҳақида эса ўйламаяпмиз.
(Гарчи мавзуга алоқадор бўлмаса-да, шу ўринда бир фикрни келтириб ўтмоқчиман. Феруза опага қўнғироқ қилганимда дам олишда эканини айтди. Тошкентдаги санаторийлардан бирига ўғли йўлланма олиб бергани ва шу ёшга кириб умрида илк бор (!) санаторийга келганини эшитиб, йиғлагим келди. Халқ ўқитувчисигаки, дам олиб келишга имтиёз, қўллаб-қувватлов йўқ экан, бошқа ўқитувчиларга қандай эътибор кўрсатилди, деб сўраш ҳам ноўрин, назаримда).
Умуман, таълим тизими ҳақида гапирганда бугун унда ота-онанинг иштирокини алоҳида таъкидлашни ўтишни истардим. Қайси ўқитувчи билан суҳбатлашманг, бугун паст баҳо қўйган ўқитувчи билан “енг шимариб, жангга киришиш”га чоғланган ота-оналардан нолиб қолишади. Нечта ўқитувчилар шундай даҳанаки тортишувлардан сўнг шифохоналарга тушгани ҳақида аниқ мисолларим бор.
“Шундай воқеалардан кейин ота-оналарга баҳо керак эканда, деб яхши баҳо қўядиган бўлганмиз” дея ҳафсаласи пир бўлган ўқитувчилар қанча. Боласининг баҳоси учун ўқитувчининг нафақат касбига ҳурматсизлик билдираётган, балки унинг ҳаётига хавф солаётганлар ҳам бор. Афсуски, шу мисолларнинг аксариятида мактаб раҳбарияти ўқитувчини ҳимоя қилишдан тийилган. Бошқа жойга арз қилиб юрмасин, ортиқча ташвиш, дея гарчи ҳақ бўлса-да, ўқитувчини эмас, ота-онани ҳимоя қиладиган мактаб раҳбарлари қатлами пайдо бўлгани ҳам кўпчиликка сир эмас. Шундоғам дарс ўтишдан ташқари минглаб қоғозбозликларни бажаришга мажбур ўқитувчига бундай муносабат, бор иштиёқни ҳам сўндириши аниқ.
Афсуски, дарсингизни текшириб кўрай, болам нималарни ўрганяпти, дея мактабга келадиган ота-оналар бармоқ билан санарли. Қарс икки қўлдан чиқишини унутмайлик. Мактабни мингта назоратчи келиб текширмасин, аммо ота-оналар билим билан, таълим билан қизиқмас экан, аҳволимиз ҳали бери ўнгланмайди.
Дарвоқе, олий таълимга кириш масаласи. Хорижда оилавий яшайдиган яқин қариндошларимиз бор. Улар билан суҳбат жараёнида англаганим шуки, у ерда ҳам репетиторга бормаган бола ўқишга кира олмайди.
- Тўғри, фарзандимиз бепул таълим олади, аммо ҳар ой унинг репетиторга қатнаши учун бир минг АҚШ долларидан кўпроқ маблағ сарфлашимга тўғри келади, - дейди улардан бири. – Агар шундай қилмасак, у паст кўрсаткичли мактабда қолиб кетаверади. Олтинчи синфидан бошлаб, у репетиторга қатнайди. Мана ҳозир олий таълим даргоҳи талабаси бўлди, йилига 30 минг АҚШ доллари шартнома асосида таҳсил олади.
Мен ривожланган давлат ўрта таълими билан бизнинг мактабларимизни таққосламоқчи эмасман, асло. Аммо ҳатто ривожланган давлатда ҳам энг зўр, яъни пуллик мактабда ўқимаган бола олий таълимга кириши қийинлигини айтмоқчиман, холос. Маълумотларга кўра, ривожланган давлатларнинг аксариятида олий таълим муассасаси талабаси бўлиш мураккаб, эмас. Масала - ўша даргоҳда ўқишни қай тариқа давом эттиришда. Уердаги тизим ўқимайдиган талабани ўз-ўзидан сиқиб чиқаради. Шундай муҳит шаклланган жамиятда эса ўрта таълимни тугатган ҳар бир ўқувчи ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолдагина мақсад қўяди. Эшитганим бор, манаман, деган олий таълим даргоҳларига бир йилда минглаб талабалар ўқишга киради, аммо ҳаммаси ҳам ўқиб кетолмайди.
Аслида асосий масала жамиятда илм-фаннинг қўллаб-қувватланиши билан боғлиқ. Илм-фан, бу борадаги янгиликлар қўллаб-қувватланса, жамият билан бевосита уйғунликда олиб борилса (яъни илмий янгиликларга маблағ сарфланиб, у жамиятга фойда келтирса) таълимга муносабат ҳам ўзгаради.
Ўрта таълимни тугатган ўқувчиларнинг ҳатто 50 фоизининг олий таълимга қамраб олиниши бу жуда катта ютуқ, аслида.
Бу фикрлар бугун таълим тизимида камчиликлар йўқ, дегани эмас. Ундаги сон-саноқсиз корупцион ҳолатлар, ўқитувчиларга нисбатан адолатсизликлару, синфларнинг етишмаслигидан тортиб, ўқитувчиларнинг савияси – ҳаммаси ҳануз оғриқли муаммоларимиздан. Лекин бу минглаб фидойи ўқитувчиларнинг меҳнати “бир чақага қиммат” дегани эмас. Бу дегани тизим “чириган” дегани эмас, ахир.
Гулруҳ МЎМИНОВА.