Афғонистон президенти Ғани халққа мурожаат қилди
Мамлакатдан қочиб кетган Афғонистон президенти Ашраф Ғани видеомурожаатида БААда эканини айтган ва унинг Қобулдан пул олиб чиққанлиги ҳақидаги миш-мишлар асоссизлигини таъкидлаган.
"Сизга Қобул қулаган куни нима бўлганини кейинроқ батафсил айтиб бераман... Афғонистонни тарк этишга мажбур бўлдим, чунки мен Қобулда қон тўкилишига сабабчи бўлишни хоҳламадим", деди Ғани Facebook саҳифасида жойлаштирилган видеохабарда.
Сиёсатчининг таъкидлашича, «Толибон» вакиллари Қобулга кирмасликка ваъда беришган, лекин президент саройини олдиндан қуршаб олишган.
"Мен Қобулдан пул билан кетганим ҳақидаги даъволар ҳақиқатга тўғри келмайди", дея қўшимча қилди Ғани ва тез орада мамлакатга қайтишини айтди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, унга қарши фитна тайёрланаётгани ҳақида маълумот келган.
Шунингдек, бугун, 19 август куни Афғонистоннинг Асадобод шаҳрида толибонлар мамлакатнинг мустақиллик байрами муносабати билан кўчаларга чиққан оломонга қарата ўт очгани ҳақида хабар берилди. Қурбонлар бор, уларнинг сони ҳозирча номаълум.