Афғонистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар 3 минг нафардан ошди

Афғонистонда сўнгги кеча-кундузда коронавирус инфекцияси билан 330 нафар янги касалланиш ҳолати қайд этилди. Касалланганларнинг умумий сони уч минг нафардан ошди. Бу ҳақда TOLO News телеканали хабар берди.

Афғонистон соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, 2020 йил 5 май ҳолатига мамлакатда коронавирус инфекцияси билан касалланганларнинг умумий сони 3224 нафарга етган. Сўнгги кеча-кундузда 330 нафар янги касалланган аниқланган. Шу билан бирга умумий ҳисобда 421 нафар бемор тузалган ва 95 нафар бемор вафот этган.