Алишер Навоий: "Агар ҳикматга бўлса илтифотинг, Ки, бўлсин Нуҳ умрича ҳаётинг"

Маънавий eтук инсонни тарбиялаб вояга етказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган ҳозирги даврда буюк мутафаккир Алишер Навоий ижодидаги маърифий ғоялар, панд-ўгитлар биз учун мукаммал дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Алишер Навоий ижодини ўрганиш борасида шу вақтгача жуда кўп илмий тадқиқотлар олиб борилган. Айниқса, кейинги йилларда умумтаълим мактабларининг деярли барча синфларида, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежларининг адабиёт дарсликларида Навоий ижодини ўрганишга кенг ўрин берилган. Бошланғич таълимда, яъни 1-4 синф ўқиш ва одобнома дарсликларида  буюк шоиримиз ҳақида болаларга ўрнак бўладиган кичик-кичик афсона ва ривоятлар, асарларидан ҳикоят тарзида намуналар келтирилган. Бундай маълумотлар Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ёш болаларга содда ва тушунарли тарзда ўргатишда дастлабки  қадамдир.  Бинобарин, Алишер Навоий ҳикматлари моҳиятини англаган баркамол авлод жаҳонга юз тутади. Дунё илм аҳли билан умумбашарий мавзуларда беллаша олади.

Агар ҳикматга бўлса илтифотинг

Ки, бўлсин Нуҳ умрича ҳаётинг.

Агар билим олишга, дунёнинг сиру синоатларини ўрганишга ўзингда хоҳиш топа олсанг, ўзингни шунга кўниктирсанг, эгаллаган билимларинг келгусида ўзингга асқотади, дейди шоир. Бу ҳикматни бир қарашда ўқувчига яхши ниятда узоқ умр берилишини сўраб билдирилган тилак сифатида қабул қилиш мумкин. Бироқ нима учун айнан Нуҳнинг умричалик умр тўғрисида фикр юритилмоқда? Шоир ҳикматининг мағзи ҳам шунда-да. Ушбу саволга Нуҳ исмли пайғамбар бўлганлигини унинг ҳаёти, фаолияти ҳақида Рабғузийнинг “Қиссаси Рабғузий” асаридаги “Нуҳ ва кема” ҳикоятини оғзаки сўзлаб бериш орқали жавоб топиш ва ўқувчига тушунтириш мумкин.

Айтишларича, Нуҳ пайғамбар бир минг етти юз йил яшаган экан.

Ўз вужудингга тафаккур айлагил.

Ҳар не истарсен, ўзингдин истагил.

Илм олиш қийинчилигидан қўрққан одам билим ололмайди, бу йўлнинг машаққатларига сабр ва бардош, қунт ва чидам билан ҳаракат қилган одамгагина илм хазинасининг эшиклари очилади. Ҳар бир одам ўз мақсадлари йўлида ўзи курашмоғи зарур. Бунунг учун ўз имкониятларини чамалаб кўрмоғи, шу иш менинг қўлимдан келадими, уддалай оламанми, йўқми деб ўзини имтиҳон қилмоғи, имкониятни фақат ўзидан қидирмоғи лозим. Шундагина, бошқалардан нажот сўраб ўтирмайди, ўз-ўзига суянсагина орзу-ниятлари рўёбга чиқади, дея ёшларга мурожаат қилади шоир. 

Одами эрсанг демагил одами,

Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.

Кимки ўзини ҳақиқий инсонлар қаторида кўришни истаса, халқнинг ғаму ташвишини ўзининг кулфати деб қарамоғи лозим. Халқнинг оғирини енгил қилиш ғами билан яшаган одамгина ҳақиқий инсон саналади. Ушбу сўзларни Навоий шунчаки ўгит сифатида айтмаган, балки ўзи ҳам бу эзгу фикрларга амал қилган. Кишилар ғамида бўлиш, яхшилик қилиш, мурувват кўрсатиш шоир ҳаётининг мазмунига айланган.

Сўзда, Навоий, не десанг чин дегил,

Рост наво нағмага чун таҳсин дегил.

Ёлғон гапиришни одат қилган одам ўзининг бу қилиғидан уялиши ўрнига, кишиларни алдаганидан фахрланади. Ёлғон гапига гўллик билан қулоқ солувчи ва унга ишонувчи кимсани топса, ўз мақсадига етган бўлади. Агар ёлғончининг ёлғон сўзи фош бўлса, у юзи қоро бўлиб, бутун умр одамлар қаторига қўшила олмайди. Инсонлар ҳар қандай шароитда ҳам тўғри сўзлаш, ёлғондан ҳазар қилиши лозимлиги уқтирилмоқда. Рост сўзловчи, ўз сўзининг устидан чиқа оладиган кишилар эса халқ орасида доим ҳурмат-эътиборга сазовор бўлиши таъкидланган. Ушбу ҳикматнинг маъносини болаларга янада тўлароқ қилиб тушинтиришда Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонидаги “Ёлғоннинг зарари, тўғриликнинг фойдалари”га бағишланган ўнинчи мақолатидаги “Шер билан дуррож” ҳикоятини келтириш мумкин.

Умумий ўрта таълим мактабларининг 10-синф адабиёт дарслигида ҳазрат Алишер Навоийнинг

Мени мен истаган ўз суҳбатиға аржуманд этмас.

Мени истар кишининг суҳбатин кўнглим писанд этмас

байти билан бошланадиган ғазали киритилган.

Байтда шоир “мен истаган” деганида ўзидан-да зукко, билимдон кишини назарда тутади.  “Ўз суҳбатиға аржуманд этмас” деганда, яъни азизланмасликни назарда тутади, бундай билимдонларнинг суҳбатига мушарраф бўлиш учун улардек илмга эга бўлиш зарурлигини ўқувчига уқтиради. Агарда мен билан суҳбатлашаётган кишининг дунёқараши    меникидан юқори бўлмаса, унинг суҳбатидан қониқмайман, деган фикрни “кўнглим писанд этмас” ибораси орқали ниҳоятда усталик билан ифодалайди.

Назаримизда, шоирнинг ушбу иборани ишлатишдан мақсади ўз суҳбатдошига нисбатан кўнглининг писанд этмаслиги эмас, балки ҳамсуҳбатининг дунёқараши, ҳис-туйғуларининг ўзиники сингари эмаслигини таъкидлаш бўлган, холос. Бу ерда шоир ўқувчиларга ўз билимининг қолипида қолиб кетмаслик, уни доимий равишда ошириб бориш зарурлигини, шундагина билимдонлар даврасида эътироф этилишини таъкидламоқда. 

Алишер Навоий асарларини ўрганиш, уларда акс эттирилган умуминсоний ғоялар комил инсонни тарбиялашга қаратилган. Зеро, шоир ижодида инсоннинг ҳар тарафлама юксак шахс бўлиб етишишини таъминловчи мезонларнинг барчаси ўз фалсафий, бадиий ифодасини топган.

Гулбаҳор Раҳимова,

СамДУ доценти.