Алишер Навоий Самарқандда қайси мадрасада таълим олганини биласизми?

Самарқанд шаҳридаги Вобкент кўчасида бир масжид-мажмуа жойлашган. Бу қадамжо Х асрда яшаган буюк олим, ҳидоят имоми Фақиҳ Абу Лайс номи билан аталади. Бу ҳудудда XIV-XV асрларда аллома авлодидан бўлган Хожа Жалолиддин Фазлуллоҳ Абу Лайсийнинг мадрасаси, масжид ва хонақоҳи бўлган.

- Мадраса бузилиб кетиб, бизгача етиб келмаган, - дейди масжид ноиб имоми Аҳмад Ҳасанов. – Фақат масжиднинг пойдевори ва Фазлуллоҳ Абу Лайсийнинг қабри сақланиб қолган. XIX асрда масжид асл кўринишида қайта қурилган ва кейинги йилларда мажмуада таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Мажмуа марказида Фазлуллоҳ Абу Лайсийнинг қабри ҳам сақланиб келинмоқда.

- Ҳазрат Алишер Навоий 1464-1469 йилларда, яъни умрининг энг гуллаб-яшнаган йигитлик даврини Самарқандда ўтказган, - дейди Самарқанд давлат университети ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Алишер Раззоқов. – У бу ердаги мадрасада Фазлуллоҳ Абу Лайсийдан Ислом шариати, яъни фиқҳ илми бўйича таълим олган. Навоий “Мажолис ун-Нафоис” асарида бу зотни улуғлаб ёзади. Гарчи бу асар ижодкорлар таскираси бўлса-да, олим Фазлуллоҳ Абу Лайсий шеъриятга ҳам алоқадор инсон эканлиги ва ўзи устозига фарзандлик даражасида турганлигини алоҳида тилга олади. Бу таҳсил шоирнинг ҳаёти ва ижодида, хусусан, Ислом шариатига бағишланган “Сирож ул-муслимин” асарининг ёзилишида муҳим аҳамиятга эга бўлган.

Алишер Навоий таълим олган ҳудудда жойлашган тарихий мажмуада буюк мутафаккир таваллудининг 580 йиллигига бағишлаб, хотира лавҳаси ўрнатилиши режалаштирилган.

- Бу самарқандлик навоийшунос олимлар ва ижодкорларни кўнглидаги гап бўлди, - дейди А.Раззоқов. – Ҳазрат Навоий Самарқандда бўлган даврида айнан қайси ҳудудда яшаб ижод этганлигини шу пайтгача кўпчилик билмас эди. Бу ташаббус унинг хотирасига бўлган ҳурмат ифодасидир.

Тўлқин Сиддиқов,

Ҳусан Элтоев.