Амир Темур вазирларини нега тез-тез алмаштириб турган?

Соҳибқирон Амир Темур мўғуллардан фарқли равишда ўзини хон эмас, балки амир деб атаган. У ҳокими мутлақ саналса-да, ўша давр анъаналарига кўра, чингизийлардан бўлган Суюрғатмаш ва Маҳмудхонларни хон қилиб кўтарилган, улар сохта хонлар бўлиб амалда салтанатга доир ишларнинг аҳамиятга моликлари Амир Темур томонидан ҳал этилган. Ўзи ҳам мўғул хонининг қизи Сароймулкхонимга уйланиб, фахрли Кўрагон унвонига эга бўлган ва сиёсий ҳокимиятини мустаҳкамлаган.

Амир Темур чекланмаган ваколатга эга бўлиб, ўзи лозим топган пайтда давлат мансабдорлари томонидан қабул қилинган қарорларни ўзгартириши ва янги қарорлар қабул қилиши мумкин бўлган. Саройдаги девон ва мансабларга ишончли вакилларини тайинлаган. Улар салтанатдаги воқеа-ҳодисаларни, халқнинг турмуш тарзини, уларнинг арз-додини Амир Темурга етказиб турган. Жумладан, ҳукумат девонларининг бошлиғи Девонбеги бўлиб, баъзан Соҳиби девон-вазири аъзам деб аталган.

Подшоҳ девони иккига - Девони аъло ва Девони бузургларга бўлинган. Девони аълонинг бошлиғи Соҳибдевон аталиб, бу олий мансабга чиғатойлар зодагонлари орасидан қўйилган. Девонбеги салтанатда юз бераётган воқеаларни назорат қилган ва уларнинг ҳисоботини ҳар куни шахсан Амир Темурга бериб турган.

Хўжа Масъуд Симноний Амир Темурнинг энг ишончли соҳиби девонларидан бир бўлиб, Девонбегига катта ваколатлар берилган. Улар томонидан қабул қилинган қарорларни истаган вақтида бекор қила олган.

Марказий ҳокимиятнинг энг муҳим мансабдорларидан бири вазирлар ҳисобланган. Баъзан улар Девони адл, девони куззот деб ҳам аталган. Амир Темур салтанатида етти вазир фаолият кўрсатган. Улар Девонбегига бўйсунган. Амир Темур вазирларини  чеклашга интилган, ҳатто уларни узоқ бир мансабда ушлаб турмасдан тез-тез алмаштириб турган.

Бизнинг фикримизча, вазирларнинг фитналарига тез-тез дуч келган Амир Темур марказий ҳокимиятни кучайтириш, ўз қўлида мустаҳкам ушлаб туриш учун ҳам вазирларнинг имкониятларини чеклашга интилган ва уларнинг фаолиятини қаттиқ назорат қилган.

Подшоҳ ва давлат хазинасига хазинадор (хазин) жавобгар бўлиб, уларнинг ишлари қаттиқ текширилган.

Марказий ҳокимиятда муҳрдор лавозими катта аҳамиятга эга бўлиб, давлат ҳужжатларига муҳр қўйиш ишига масъул ҳисобланиб, ҳукмдорнинг энг яқин кишиси бўлган.

Подшоҳ ҳузурига арз-дод билан келувчилар, шунингдек, эл-юртнинг умумий аҳволи, элатларда олий ҳукмдорнинг фармон ва ваколатига эга бўлган олий мансабдорлар арзбеги, деб аталган. Унинг зиммасига мамлакатда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни ҳаққоний етказиш масъулияти юкланган.

Шиқовуллар турли давлатлардан бошқа давлатга кетаётган элчиларнинг ташкилий масаласи билан шуғулланган. Агар Амир Темур давлатининг элчилик фаолиятининг кенглигини ва элчилар келганда уларни кутиб олишидаги расмий маросимларни кузатадиган бўлсак, бу мансаб эгаларининг катта меҳнатини, тажрибаси ва масъулиятини ҳис этамиз. Сарой элчиларини танлаш ва тайёрлаш маркази мавжуд бўлиб улар бевосита шу ишга масъул бўлганлар.

Олий мартабалардан бири товачи (адьютант)лар қурултойга давлатнинг турли ўлкаларидан шаҳзода ва бошқа маҳаллий бошлиқларни, юришлар олдида лашкар тўплаш, жанглар вақтида вафот этган ҳарбийларнинг ҳисоботини олиш ишлари билан машғул бўлишган. Шунингдек, лашкарлар шароитини яхшилаш, амирларга керакли вазифаларни юклаши уларнинг тартиб рақамларини белгилаш ишларига ҳам масъул ҳисобланган.

Товачилар тинчлик пайтида лашкарларни қурилиш ишларига тортиш билан шуғулланишган. Озарбойжонда канал қурилишига ҳам товачилар раҳбарлик қилган. Улар юришлардан тушган ўлжаларни адолатли тақсимлаш, қўшиннинг бир жойда қўнишини ташкиллаштириш ва бошқа ишларни бажарган.

Амир Темур давридаги энг нуфузли унвонлардан бири Кўрагон (хон куёви - Ш.Ғ) унвони бўлган. Кўрагон Чингизхон авлодига мансуб, хон қизига уйланган аслзодага берилган фахрли унвон бўлиб, ўша давр сиёсий анъаналарига мувофиқ мўғул хонлари қизига уйланган ҳукмдор ўз қонуний ҳокимиятини шу унвон орқали мустаҳкамлаган. Амир Темур, Жаҳонгир, Мироншоҳ, Мирзо Улуғбек шундай фахрли номни олган.

Саройдаги яна бир нуфузли ёрлиқлардан бири тархондир. Ушбу ёрлиқ соҳиблари салтанат олдида кўрсатган айрим хизматлари учун ер-мулклари солиқлардан озод қилинган ва яна бир қанча имтиёзларга эга бўлган. Тархон - хон ҳузурига бемалол кира оладиган, тўққиз мартагача гуноҳи кечириладиган, тегишли ўлжаси тақсимланмайдиган, гоҳида авлодлари солиқдан озод қилинадиган амир.

Нўён - Амир Темур  томонидан тамғага эга чиғатой зодагонларидан чиққан бўлиб, улуғ, амир, ноиб, туман (ўн минг кишилик лашкар) бошлиғи маъноларида қўлланган.

Амир Темур даврида иқтидорлар ҳам катта нуфузга эга бўлган. Шаҳзода ва хонзодаларнинг тарбиялари оталиқ деб аталган ва бу мансабга ҳам Амир Темур хонадонига энг яқин кишилар танланган. Улар атко, отабек деб ҳам аталган. Ҳукмдор олдига бемалол кириш ҳуқуқига эга бўлган ва шаҳзодаларни ҳар томонлама мукаммал тарбиялашдек муҳим вазифани бажаришган.

Шунингдек, саройда баковуллар таомларни мазали тайёрлаш билан шуғулланиб, уларни олдиндан татиб кўриб, хавфсизлигини таъминлаган бўлса, муншийлар махфий кенгаш ва мажлисларда бўлган гапларни холислик билан дафтарга қайд қилиб борган.

Ҳукмдорнинг хос ишончли навкарлари - ичкилар, подшоҳ ошхонаси хизматчилар тепасида турган - мирохур, сув хўжалиги бошқарувчиси - мироб, шаҳзодаларнинг шахсий қўриқчиси - чухралар, чодирларни олиб юрувчи хос хизматкор - шукурчи, саройни назорат қилиб турувчилар - қуролбардор, яроқбардор, салоҳдор киши, қўрчи каби мансабдорлар фаолият юритган. Барчаси сарой хавфсизлигини таъминлашда катта аҳамиятга эга бўлган.

Шокир ҒАФФОРОВ,

профессор, тарих фанлари доктори.