AstraZeneca вакцина таркибида чўчқа унсурлари йўқлигини маълум қилди

AstraZeneca компанияси энг кўп мусулмон аҳолига эга мамлакат – Индонезияда тарқалган хавотирларга жавобан, коронавируга қарши ишлаб чиққан вакцинаси таркибида шариатда тақиқланган чўчқа унсурлари йўқлигини маълум қилди.

Индонезиянинг олий мусулмон кенгаши жума куни AstraZeneca вакцинаси таркибида чўчқанинг ошқозоности безидан олинган трипсин моддаси борлигини айтиб, уни ҳаром деб фатво берган, лекин препаратни фақат пандемия шароитидагина фавқулодда қўллашни маъқуллаганди.

Бугун, 21 март куни AstraZeneca'нинг Индонезиядаги вакили Ризмон Абудайри шу масалада баёнот берди.

«Бу вектор вирусли вакцинани ишлаб чиқариш жараёнининг ҳеч бир босқичида чўчқа ё бошқа ҳайвонлардан олинадиган бирор унсурдан фойдаланилмайди, бу каби унсурларнинг ишлаб чиқариш жараёнларига алоқаси йўқ», – дейилади расмий чиқишда.