Бишкекда бўлиб ўтган халқаро этно-фестивалида самарқандлик ўқувчи қизлар фахрли ўринларни эгаллади
Яқинда Қирғизистон Республикаси Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган “Иссиқкўл дўстларни чорлайди – 2021” халқаро этно-фестивалида Самарқанддан 6 нафар ўқувчи қиз иштирок этди.
Кўрик-танловда вилоят “Баркамол авлод” болалар мактаби, Нарпай ва Паст Дарғом туманлари “Баркамол авлод” мактаблари ўқувчилари фаол қатнашди.
Танловда миллий рақснинг якка ижрочилик йўналишида ёш тоифалари бўйича 1-, 2- ва 3-ўринларни вакилаларимиз - Гулнигор Тошназарова, Нафосат Қаҳрамонова, Юлдуз Раҳмонова, Рухшона Каримова, Моҳичеҳра Турғунова эгаллади.
Бундан ташқари, Мадинабону Бунёдова – “Эстрада хонандалиги” йўналишида, Моҳичеҳра Турғунова ва Рухшона Каримова – “Дуэт” йўналишида қатнашиб, 1-ўринни эгаллашди.
Ғолиб ўқувчилар Халқ таълими вазирлигининг диплом ва совғалари билан тақдирланди.
12 август куни вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи З.Шодиева ғолиб ўқувчилар билан учрашиб, уларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширди. Шунингдек, фестивалда ўқувчилари ғолибликни қўлга киритган тўгарак раҳбарлари 5 миллион сўмдан бир марталик пул мукофоти билан тақдирланди.