Биз нафақага чиқдик, симёғочлар-чи?
Сиз суратда кўриб турган симёғоч ўрнатилганига қарийб 60 йил бўлган, десам ишонаверинг. Сабаби эсимни таниб, тенгдошларим билан кўчада ўйнаб юрган пайтларда ҳам улар бор эди ва ҳалигача қишлоғимизга хизмат қилиб келяпти.
Узоқ йиллар таълим тизимида ишлаб, нафақага чиқдим. Ўқитувчилик қилиб юрган кезларимда ҳам, мактабда раҳбар вазифасида ишлаган вақтларда ҳам шу симёғочларнинг тақдири мени кўп ўйлантирарди. Бундан бир неча йил аввал қисқа туташув натижасида бир қисми ёниб кетган бу ёғоч устунларни бетон таянчларга алмаштириш шунчалар қийинмикан-а, деб қўярдим.
Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлигига сайланганимдан кейин бу ўй мени баттар қийнай бошлади ва ваколатимдан фойдаланиб, тегишли мутасаддиларга халқ номидан мурожаат қилдим.
Туман электр тармоқлари корхонасига қилган депутатлик сўровимга корхона раҳбари Х.Мавлонов номидан жавоб хати келди. Унда ёзилишича, Қўрғон маҳалласидаги эскирган симёғочлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги “Паст ва юқори кучланишли электр тармоқларини ва трансформатор пунктларини реконструкция ва модернизация қилиш тўғрисида”ги қарорига асосан 2020-2021 йилларда босқичма-босқич алмаштирилиши режалаштирилар экан.
Бу каби симёғочлар маҳалламизда кўп. Уч-тўрттаси ачинарли аҳволда. Мазкур масалада маҳалла оқсоқоллари ҳам бир неча бор мутасаддиларга мурожаат қилган. 2020 йилнинг ярми ўтиб бўлди. Маҳалла аҳли эса инсон ҳаёти учун хавфли бўлган бу симёғочлар янгисига алмаштирилишини интизорлик билан кутиб яшаяпти.
Биз кутамиз. Сабрлимиз. Биз қатори одамлар буни кутиб нафақага чиқди. Аммо тенгдошимиз бўлган симёғочлар-чи?!
Манзура ЭРНАЗАРОВА,
халқ депутатлари Қўшработ тумани Кенгаши депутати.