Британия тахтида 70 йил: Уинстон Черчилл даврида қиролича бўлган Елизавета II ҳукмронлик юбилейини нишонлади

96 ёшли Елизавета II 1952 йил 6 февралда 26 ёшида тахтга ўтирган эди. Унинг Буюк Британияда ҳукмронлиги даврида Уинстон Черчиллдан тортиб Борис Жонсонгача, жами 14 та бош вазир алмаштирилди.

Қиролича Елизавета II якшанба куни ўзининг юбилей ҳукмронлиги байрамининг якуний кунида эълон қилинмаган оммавий тадбир билан мамлакат аҳолисини ҳайратда қолдирди, деб хабар бермоқда Британия ОАВлари.

Қиролича оила аъзолари қуршовида Букингем саройи балконига чиқди ва минглаб одамларни табассум ва анъанавий имо-ишора билан кутиб олди.


Платинали юбилей дастурининг кульминацион нуқтаси 10 мингдан ортиқ киши иштирок этган парад бўлди. Лондон марказидан икки ярим аср давомида тож кийиш ва қироллик тўйлари маросимларида фойдаланилган, тилла суви югуртирилган арава ўтди. Деразаларида 1953 йил 2 июнда монарх тахтга ўтирган куни олинган кадрлар анимацияси намойиш этилди.