Британияда юзлаб вояга етмаган қизлар мажбуран турмушга берилади

Буюк Британияда ҳар йили юзлаб кичик ёшдаги қизлар мажбуран турмушга берилмоқда. Бу ҳақда The Intependent ёзади.

Миллий статистика бошқармаси маълумотларига кўра, 2017 йилда 183 киши ота-онасининг раъйига қараб турмуш қурган бўлиб, уларнинг 140 нафари кичик ёшдаги қизлар. 2006 йилдан 2016 йилгача Англия ва Уэлсда вояга етмаганлар иштирокида 3,3 мингга яқин никоҳ тузилди, уларнинг аксарияти қизлар.

Ушбу муаммо устида иш олиб бораётган хайрия ташкилотлари маълумотига кўра, Британия қонунлари уларни етарли даражада ҳимоя қилмагани боис шундай ҳолат кузатилмоқда. Аксарият ривожланаётган мамлакатларда бу кўпинча муаммо сифатида кўрилаётган бир пайтда, Британияда вояга етмаган қизларни турмушга бериш авж олмоқда.

Кўпинча бу диний никоҳ ниқоби остида содир бўлади ва рўйхатдан ўтказилмаслиги сабаб уларнинг аниқ сонини айтиш қийин. Бундан ташқари, қонунда 16-17 ёшли қизларни "ота-оналари рухсати билан" турмушга бериш рухсат этилади. Лекин ҳуқуқ ҳимоячилари кўпинча ота-оналар фарзандларини мажбуран турмушга беради, деб таъкидлашмоқда.

Г.Холдорова тайёрлади.