Булунғурда 850 нафар бола оромгоҳда дам олмоқда, аммо қолган 18 минг оромгоҳ ёшидаги болалар-чи?

Доимий ва кундузги оромгоҳларда болажонларнинг мароқли дам олиши учун мавсумга мос тарзда тайёргарлик кўрилганми? Ўқувчи-ёшларнинг вақти ёзги оромгоҳларда қандай ўтмоқда? Шу саволларга жавоб топиш мақсадида Булунғур туманидаги оромгоҳларда бўлдик.

- Туманимизда 1 та доимий ва 3 та кундузги оромгоҳ ташкил қилинган, - дейди туман халқ таълими бўлими масъул ходими Алижон Ҳайдаров. - Ёз мавсумида 300 нафар болани шаҳардан ташқари оромгоҳга ва 550 нафарини кундузги оромгоҳларга қамраб олиш режалаштирилган. Оромгоҳларда ёшлар учун етарли шароит яратилди, болаларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий-ахлоқий камол топишига кўмаклашиш мақсадида спорт мусобақалари, ҳар хил тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди.

ОРОМГОҲГА ЎХШАМАГАН ОРОМГОҲ

Тумандаги 23-умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган "Қалдирғоч" кундузги оромгоҳидамиз. Бир навбатда 70 нафар болани қамраб олишга мўлжалланган оромгоҳ ўқувчилари ҳар куни 08:30 дан 14:00 гача шу ерда бўлишади. Муассаса раҳбари (мактаб директори) Шерзод Шерматовнинг айтишича, ёз мавсумида 210 нафар бола жалб қилинади. Болаларни қизиқтириш мақсадида масканда компьютер, жисмоний тарбия, мусиқа, меҳнат ва фанларга оид 10 дан ортиқ тўгарак ташкил этилган.

Оромгоҳ болалари ҳомийлик асосида 30 минг сўм ва ота-она ҳисобидан ажратилган 10 минг сўм эвазига вақтини шу масканда ўтказади ва таомнома асосида тушлик билан таъминланади. У ерга фақатгина мазкур мактаб ўқувчилари қамраб олинган.

"Қалдирғоч"да оромгоҳга мос тарздаги композицион руҳни кўрмадик. Мактаб ўқувчилар учун ўқув даврида қандай ҳолда бўлган бўлса, ҳозир ҳам ўзгариш бўлмагани кўриниб турибди. Ҳудудда салқин жой йўқ. Ҳамма тараф бетон қопламалардан иборат бўлиб, қақраб кетган. Болалар вақтини фақатгина бинонинг ичкари қисмида ўтказиши мумкин, холос.

Тумандаги 36-умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган "Юлдузча" кундузги болалар оромгоҳида ҳам шундай камчиликларни кўриш мумкин. Мазкур мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани боис болаларнинг кутилганидек ором олишлари учун шароит яратилмаган. Оромгоҳ ошхонасида тозаликка риоя қилинмаган, овқатланадиган жой ҳам талабга жавоб бермайди.

СУЗИШ ҲАВЗАСИГА АЙЛАНГАН ЮВИНИШ ХОНАСИ

- Туман халқ таълими бўлимига қарашли "Соҳибкор" оромгоҳи туманда доимий ёзги оромгоҳ йўқлиги боис вақтинча Булунғур саноат касб-ҳунар коллежида ташкил қилинди, - дейди оромгоҳ раҳбари Ориф Рустамов. - Оромгоҳга уч навбатда 300 нафар болани қабул қилишни режалаштирганмиз. Болаларнинг ўн икки кунлик вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида улар ўртасида қизиқарли мусобақалар, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил қилинган.

Оромгоҳ атрофи ҳимоя тўсиқлари билан ўралган бўлиб, болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун кечаю кундуз ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа ташкилот вакиллари бириктирилган. Оромгоҳга ажратилган коллеж биноси имкон қадар ёшлар кайфиятига мос тарзда безатилган, деворларга ҳар хил манзарали суратлар чизилган. Шунингдек, ҳар бир бола учун янги ётоқ жиҳозлари ташкил қилинган. Спорт ўйингоҳлари ҳам шай ҳолатда. Тиббиёт хонасида 23 турдаги зарур дори-дармонлар мавжуд.

Аммо "Соҳибкор" кутубхонасида китоблар сони жуда кам. Ошиб борса юзтага яқин чиқади, борлари ҳам севиб, қизиқиб ўқиладиган асарлар эмас. Оромгоҳ компьютер хонасидаги компьютерларнинг ҳам бир нечтаси ишламайди.

Оромгоҳ ошхонасида ҳар куни таомномага кўра, тўрт маҳал ҳар хил турдаги иссиқ овқат тайёрланади. Озиқ-овқатларнинг ҳам сақланиши яхши йўлга қўйилган, бироқ ошпазлар ошхонада сув ичида юришга мажбур. Негаки, ошхонадаги канализация тизими ишдан чиққани боис у ердан оқиб кетадиган сув оёқ остига йиғилаверади.

Ювиниш хонасида ҳам шундай ҳолатга гувоҳ бўлдик. У ердаги сув иситиб бериш қурилмаси ишдан чиққан. Болалар тўпланган сув устида ювинишаркан. Ювиниш хонасида ҳам канализациянинг носозлиги боис сув йиғилиб қолган. Муассаса раҳбаридан ҳолатга изоҳ сўраганимизда у мазкур муаммони бугуноқ бартараф қилмоқчи эканини айтди.

Дарвоқе, оромгоҳда сунъий бўлса-да, сузиш ҳавзаси ўрнатилмаган. Энди ўзингиз тасаввур қилинг, ювиниш хонаси фойдаланишга яроқсиз, сузиш ҳавзаси йўқ оромгоҳда болалар қандай қилиб, қаерда чўмилади?!

Оромгоҳнинг мақсади - болаларнинг ўқишдан ташқари вақтини сермазмун ўтказиш, уларнинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш, улар онгига миллий ғояни, ватанпарварлик туйғуларини ҳамда миллий ва умуминсоний қадриятларни сингдириш орқали ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишдан иборат. Айтинг-чи, бугунги оромгоҳларда шундай мақсад асосида ҳаракат қилиняптими?

Шу ўринда эътиборимизни тортган бир масалага тўхтамоқчимиз. Туман халқ таълими бўлимидан олинган маълумотга кўра, оромгоҳ ёшидаги болалар сони 18 мингдан ортиқ. Уларнинг 850 нафарини оромгоҳларга қамраб олиш режалаштирилган. Хўш қолганлари-чи, улар қаерга боради ва нима билан шуғулланади?

Абдужаббор ПЎЛАТОВ, "Зарафшон" мухбири.