Булунғурда ҳануз Ucell компанияси томонидан 2G интернет тезлигига мослашган алоқа тарқатиш мосламалари “ишламоқда”
Интернет тезлиги мамлакатимизнинг турли ҳудудларида турлича эканлигини эшитиб қоламиз. Шунингдек, бу қайси алоқа компанияси мижози эканига ҳам боғлиқ. “Бу ерда UMS яхши ишламайди ёки Ucellда интернет яхши”, деган гап-сўзлар қулоғимизга чалинади.
Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ишонч телефонига (10-91) Самарқанд вилоятининг Булунғур тумани ҳудудида Ucell компанияси абонентлари учун интернет ва алоқа сифат даражаси талабга умуман жавоб бермаслигидан норозилик билдирилган иккита бир хил мазмундаги мурожаат қабул қилинган. Мурожаат Самарқанд вилоят ҳудудий бирлашмаси ва шаҳар жамияти мутасаддилари томонидан “COSCOM” МЧЖнинг техник мутахассислари билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, туманнинг Элобод маҳалласи ҳудудида Ucell компанияси томонидан 2G интернет тезлигига мослашган алоқа тарқатиш мосламалари ўрнатилган. 3G тезликка ўтиш компаниянинг 2019 йил режасига киритилмаган. Ушбу ҳудудда Ucell компанияси мижозларининг талаблари ошиб боришига қараб, “COSCOM” МЧЖ раҳбарияти томонидан бу масала қайта кўриб чиқилиши маълум қилинди.
Нима ҳам дердик, 4G интернет тезлиги ҳозирча булунғурликлар учун орзулигича қолади, шекилли!
Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.