Чегара ўтказиш пунктларида “Ягона бекат” тамойилини қўллаш нима беради?
Қуйида фикр-мулоҳаза, таклифларимизни билдиришдан аввал чегарадош мамлакатлар орасидаги чегара ўтказиш пунктларидаги назорат тартиб-таомилларини соддалаштириш ва оптималлаштириш бўйича хориж тажрибаларини ўрганганмиз. Шунга кўра, божхона тўғрисидаги халқаро қонун ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқ “Ягона бекат” тизимини амалиётга жорий этиш юзасидан таклифларимизни билдирамиз.
Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт статегияси” тўғрисидаги фармонида чегара ўтиш пунктларида сайёҳлар учун қисқа муддатда ўтиш тизимини жорий қилиш, бунда 2022 йилда қисқа муддатда ўтиш тизими жорий этиладиган чегара пунктларини аниқлаш ва босқичма-босқич ўтиш пунктларини жорий этиш вазифалари белгилаб берилди.
Масала долзарблилиги шундаки, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 21 декабрда қабул қилинган 654-сонли қонунга мувофиқ Халқаро Киото конвенциясига қўшилди. Бу эса қонунчилик нормаларини ушбу Конвенция стандартларига мослаштиришни талаб этади. Масалан, Киото конвенциясининг Умумий иловалар, 3-бобида чегарадош мамлакатлар чегара ўтказиш пунктларида биргаликда назорат олиб боришлари белгилаб берилган. Конвенция талабларига мувофиқ, оралиқ стандартларни қўллаш муддати конвенцияга аъзо бўлган кундан бошлаб 36 ойни ташкил этади.
“Ягона бекат” тамойили асосида божхона назоратини ўтказиш тушунчасига тўхталишдан олдин божхона назорати тушунчасига таъриф бериш керак бўлади. Божхона назорати - Халқаро Киото конвенциясида берилган таърифга кўра, божхона қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш учун божхона органлари томонидан қўлланиладиган чора тадбирлар мажмуидир. Ўзбекистон Республикаси Божхона Кодексининг 21-моддасига мувофиқ, божхона назорати - Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва Халқаро шартномаларига риоя этилишини таъминлаш учун божхона органлари томонидан амалга ошириладиган, шу жумладан хавфни бошқариш тизими қўлланилган ҳолда амалга ошириладиган чора-тадбирлар мажмуидан иборат. Халқаро тажрибага кўра, божхона назоратини такомиллаштириш учун чегарадош мамлакатлар товарларни, транспорт воситаларини ва ва йўловчиларни биргаликда ва бир вақтда ягона тўхташ жойида текширувдан ўтказишлари керак бўлади.
“Ягона бекат” тамойили асосида ташкил қилинган биринчи чегара божхона постлари илк бор Франция ва Бельгия давлатлари ўртасида ташкил қилинган. Давлат назорат органларининг ҳамкорликдаги текшируви дастлаб Европа иқтисодий иттифоқи пайдо бўлмасдан олдин давлатлар ўртасида ўзаро келишувга мувофиқ ўтказилган.
Ҳозирда ушбу лойиҳа дунё амалиётида кенг фойдаланиб келинмоқда. Масалан, Европа олимлари томонидан “Ягона бекат” тизими тўғрисида кўплаб назариялар ишлаб чиқилган ва амалиётга татбиқ этилган. Жумладан, нигериялик сиёсатчи, НЕПAД лойиҳасининг режалаштириш ва мувофиқлаштириш агентлиги бош ижрочи директори Ибраҳим Aссане Маякиcнинг 2016 йилдаги “Ягона бекат” тўғрисидаги илмий ишида, Савдо интеграциясини ривожлантириш ва осонлаштириш маркази президенти Флориан Aлбуронинг Жаҳон савдо ташкилотининг илмий журналида чоп этган мақоласида, ИСО Марказий котибиятининг салоҳиятни ошириш бўйича директори Ериек Кеикнинг 2010 йилги илмий ишида фикр юритилган.
“Ягона бекат” - божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган йўловчилар, транспорт воситалари ва товарларга нисбатан давлат назорат идораларининиг бир давлат ҳудудидан чиқиш ва иккинчи бир давлат ҳудудига кириш чоғида биргаликда назорат ўтказишлари учун ажратилган уммумий назорат зонасидир.
Таъкидлаш лозимки, иккита давлат ўртасида, умумий чегара чизиғида жойлашган “Ягона бекат” ушбу иккала давлатнинг назорат идораси бир жойда бўлишини таъминлайди. Натижада чегарани кесиб ўтган фуқаролар фақат "бир марта тўхташ" ни амалга оширади. Шунингдек, назорат зонаси (ёки зоналари) чегараланган бўлиб, унда иккала давлат ходимлари ўзларининг қонунларига мувофиқ назоратни шу ерда амалга оширади. Юкларни ёки транспорт воситаларини текшириш ҳам “Ягона бекат”да ҳар икки давлатнинг божхона органлари ходимлари иштирокида амалга оширилади. Бу эса давлатлар учун ҳам, ходимлар учун ҳам ва фуқаролар учун ҳар томонлама қулай саналади.
Қ.Эргашев,
ДБҚнинг божхона институти катта ўқитувчиси.
Н.Пардаев,
институт курсанти.