Дилшод Чориев, Шерали Жўраев, Муҳсин Ҳисомиддинов каби чемпионлар учта “Спарк” учун курашади

Бугун, 14 сентябрь соат 16:00 дан бошлаб Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” амфитеатрида “Вилоят ҳокими соврини учун” халқаро кураш мусобақаси ўтказилади.

Унда республикамизнинг барча ҳудудларидан ҳамда Индонезия, Тожикистон ва Қозоғистон давлатларидан 60 дан ортиқ энг сара полвонлар уч вазнда куч синашади.

Кеча Самарқанд эшкак эшиш каналида халқаро кураш мусобақаси олдидан матбуот анжумани ҳамда қатнашчилар учун қуръа ташлаш ва вазн ўлчаш тадбири ўтказилди.

Унда Ўзбекистон миллий кураш федерацияси раиси ўринбосари К.Юсупов, Қозоғистон кураш федерацияси раҳбари Б.Мўминов,  Ўзбекистон миллий кураш федерацияси аъзоси, мусобақа бош ҳаками Ҳ.Кафиев, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ш.Рўзиев бўлиб ўтадиган беллашувнинг ўтказилиш тартиблари ҳақида журналистларга маълумот берди. Шунингдек, нуфузли тадбирни нафақат самарқандликлар, балки бошқа вилоятлардан ҳам келиб томоша қилиши айтилди.

– Миллий кураш бўйича нуфузли мусобақани ўтказиш ташаббуси биринчи бўлиб Самарқанд вилояти ҳокимидан чиққанининг ўзи вилоятда спортга бўлган эътиборнинг намунасидир, – деди Ўзбекистон миллий кураш федерацияси раиси ўринбосари Комил Юсупов. – Азим Самарқандга бу каби тадбирлар ярашади. Шунинг учун бўлса керак, кейинги пайтда самарқандлик полвонлар сони ортмоқда. Келгусида бу каби мусобақаларни янада оммалаштиришни режалаштирганмиз.  

Уч вазннинг ҳар бир ғолибига “Спарк” автомашинаси берилади. Иккинчи ўринни қўлга киритган полвон икки камерали музлаткичга эга бўлади. 2 та учинчи ўрин соҳибига катта ҳажмдаги телевизор совға қилинади.   

Гиламга тушадиган номдор ўзбек полвонларининг айримлари билан танишинг:

Дилшод Чориев - Тошкент вилояти, кўп карра халқаро мусобақалар ғолиби.

Эркин Дониёров - Бухоро вилояти, икки карра жаҳон чемпиони.

Умид Эсонов - Навоий вилояти, жаҳон чемпиони.

Шерали Жўраев - Қашқадарё вилояти, икки карра жаҳон чемпиони.

Муҳаммад Жанриев - Сурхондарё вилояти, Жакартада ўтказилган Осиё ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпиони.

Самижон Убайдуллаев - Сурхондарё вилояти, кўп карра халқаро мусобақалар ғолиби.

Муҳсин Ҳисомиддинов - Сурхондарё вилояти, уч карра жаҳон чемпиони.

Самарқанд вилояти шарафини ҳимоя қиладиган полвонлар

Бекзод Каримов - Осиё чемпиони.

Сарвар Шомуродов - халқаро мусобақалар ғолиби, жаҳон чемпиони.

Темурхон Тўраев - жаҳон чемпиони.

Муҳаммадали Шамсиддинов - Осиё чемпиони.

Муҳриддин Қурбонов - жаҳон чемпионати совриндори.

Муҳаммадкарим Хуррамов - шу йил Наврўз байрами арафасида ўтказилган “Вилоят ҳокими соврини учун” кураш мусобақасида мутлақ ғолибликни қўлга киритган