Дунёдаги энг қиммат компаниялар

Бутун дунё бўйлаб таниқли компанияларнинг баъзилари озиқ-овқат, кийим-кечак, бошқалари автомобиль саноати ва бошқа ишлаб чиқариш соҳаларига ихтисослашган. Узоқ йиллар давомида дунё бозорида ўз номига эга бўлишга муваффақ бўлган компаниялар турли қийинчиликлар ва тўсиқлардан муносиб ўтиб, харидорлар ишончини қозониши осон кечмади. Улар орасида бугунги кунда ҳам самарали ишлаб, фойдаланувчиларга сифатли маҳсулотларни таклиф қиладиган, ўз маҳсулотларини такомиллаштириш устида тинимсиз ишлаётган энг қиммат, йирик  компаниялар ўнталигини ажратиб кўрсатиш мумкин.

McDonald's

Бутун дунёда тез овқатланиш ресторанлари билан машҳур МакДональдс компаниясига 1940 йилда асос солинган. Бугунги кунда компаниянинг меню маҳсулотларини билмайдиган одамни учратиш қийин. Шу сабабли, МакДоналдьс энг қиммат компаниялар ўнталигига кирганлиги ажабланарли эмас. Ҳозирда компанияда 2 миллионга яқин ишчи ишлайди.

Toyota

Япониянинг сифатли автомобиллар ишлаб чиқарувчи Тойота компанияси 1924 йилдан бери ишлаб келмоқда. Сакичи Таеда томонидан рўйхатга олинган савдо белгиси дастлаб тўқув дастгоҳларини ишлаб чиқарган. Айнан унинг ўғли автомобиллар ишлаб чиқариш ғоясини илгари сурди ва бу таклиф бутун дунё автомобиль бозорини ўзгартириб юборди. Тўқимачилик дастгоҳи учун патентни сотгач, улар автомобиль ишлаб чиқариш бўлинмасига сармоя киритдилар. Брендга бўлган талабнинг ўта юқорилиги туфайли Тойота автомобиллари савдоси рекорд даражада. Компания автомобилсозлик соҳасида янгидан янгитехнологияларни жорий этиш орқали ўз ривожланишини давом эттирмоқда.

Disney

Дисней компанияси 1923 йилда ташкил этилган. Болалар бугунги кунда ҳам Дисней томонидан ишлаб чиқарилган мультфильмлар ва анимацион сериаллардан завқланиб келади. Кичкина студияда иш бошлаган компания дунёга машҳур йирик корпорацияга айланди, унинг фаолияти нафақат мультфильмлар ишлаб чиқариш, балки кўплаб аттракционлар, аквапарклар ва йирик телерадиоэшиттириш тармоғини ҳам ўз ичига олади.

Samsung

Жанубий Кореянинг маиший техника ва электроника ишлаб чиқарувчи йирик компанияси иш фаолияти 1938 йилга бориб тақалади. Компаниянинг ривожланиш тарихида Sanyo компанияси билан бирлашиши каби кўплаб муҳим воқеалар бўлган. Бугунги кунда Самсунг маҳсулотларини деярли ҳар бир хонадонда топиш мумкин. Мижозларга эътибор қаратиш, сифат ва замонавийлик тамойилларига риоя қилиш компанияни муваффақият сари етаклади.

Coca-Cola

Ўз ишини 1882 йилда бошлаган Кока-Кола компанияси ҳақли равишда энг қадимги компаниялардан бири ҳисобланади. Қизиғи, дастлаб Кока-Кола дорихоналарда дори сифатида сотилган. Бугунги кунда у алкоголсиз, газланган ва газсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчи йирик компаниялардан бири ҳисобланади.

Facebook

Бутун дунёга машҳур Фейсбук ижтимоий тармоғи истиқболли ва иқтидорли Марк Цукербергнинг маҳсулотидир. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари сони икки миллиардга яқин. Компаниянинг асосий фойда келтирадиган йўналиши реклама. Шу билан бирга, компания ривожланишда ва янги маҳсулотлар яратишда давом этмоқда.

Amazon

Турли тоифадаги товарларни истеъмолчига сотиш ва етказиб беришга ихтисослашган энг йирик чакана сотувчиси Амазонни нисбатан ёш компания деб ҳисоблаш мумкин. Жефф Безос 1994 йилда яратган компаниянинг машҳурлиги йилдан-йилга ортиб бормоқда. Компанияда икки юз ўттиз мингга яқин ходим ишлайди. Амазон, шунингдек, электроника, дастурий таъминотни ишлаб чиқади ва мижозларга компьютер қувватини ижарага бериш бўйича стримминг хизматларини таклиф қилади.

Microsoft

Майкрософтнинг яратилиш тарихи бошқалардан ажралиб туради. Ўз саёҳатини оддий гаражда бошлаган Билл Гейтс энди йиллар ўтиб, йирик технологик компания эгаси, дунёдаги энг бой одамларнинг биридир. Айнан Билл Гейтс биринчи бўлиб фойдаланувчиларга бугунги кунда ҳам оммабоп Windows компьютерлари учун дастурий таъминотни таклиф қилди.

Google

Бу тизим 1993 йилдан буён ҳар куни жуда кўп сонли қидирув сўровларини қайта ишлаш имконини беради. Бундан ташқари, қидирув тармоғи рекламаларни созлаш орқали яхши даромад келтиради. Бу компаниянинг ягона муваффақиятли маҳсулоти эмас. Масалан, Ютуб, Gmail, Гугл хариталар ва бошқа онлайн-сервис хизматлардан миллионлаб киши фойдаланади. Андроид операцион тизими ҳам Гугл компаниясига тегишли.

Apple

1976 йилда асос солинган Эппл бугунги кунда юқори ва замонавий рақамли маҳсулотларни таклиф қилишда давом этмоқда. Янги смартфонларни биринчи бўлиб синаб кўрмоқчи бўлган одамларнинг катта навбатларда туриши кўпчилик учун янгилик бўлмаса керак. Бренд истеъмолчилари компаниянинг мобил қурилмалари, жумладан, смартфонлар, планшетлар, плеерлар ва компьютерларни жуда қадрлашади.

Бугунги кунда юз мингдан ортиқ ходимдан иборат компания турли мамлакатларда минглаб ваколатхоналар ва дўконларни очган. Компания муваффақиятини эса сўнгги технологиялар ва жозибали дизайн уйғун равишда бирлаштирилган маҳсулотлар билан тушунтириш мумкин.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.