Дунёдаги энг хунук аёл қиссаси

Дунёдаги энг хунук ҳисобланган, шу билан бирга одамларни ўзига мафтун қила олган аёлнинг тақдири ҳам ҳайратланарли, ҳам фожиали кечган. У вафотидан 153 йил ўтгач дафн қилинди.

Болалик даври

Хулия Пастрана 1834 йилда Мексиканинг Синалоа шаҳрида туғилди. У ёшлигидан бадавлат оилада хизматкор бўлиб ишлаган ва саёҳат қилиш, кўп пул ишлаб олиб, катта мавқега эришиш ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаган эди. 20 ёшида эгасининг уйида у америкалик меҳмон билан танишиб қолди, у эса ўз навбатида бўлажак “маймун аёл”ни АҚШга кўчиб ўтишга кўндириб, у ердаги циркдаги фрик шоуларда ишлаб кўп пул топиши мумкинлигини айтди. Нью-Йоркда эса бундай “жонли экспонат”ни кўргазмага қўйиб, катта даромад олиши мумкинлигини биладиган ва айнан ана шундай томошаларда пул ишлаб топадиган Теодор Пост исмли киши сотиб олди. Қиз нафақат фрик шоуларда кўргазма сифатида ишлаган: у ўзининг нафис ҳаракатлари туфайли рақс шоуларининг юлдузига ҳам айланишга улгурди.

“Маймун аёл”нинг ташқи кўриниши

pinterest.com

Нега Хулия бундай лақабни олди ва у оддий одамлардан нимаси билан фарқ қиларди?
Чарльз Дарвин (1809-1882) у билан шахсан таниш бўлган ва уни қуйидагича тасвирлаб берган:
“Раққоса Хулия Пастрана ўзининг мукаммал рақси билан мени ҳайратда қолдирди. Унинг юзида эркакларники каби қалин соқол, пешонасида эса туклар бор. Ниҳоятда хунук ва шу билан бирга мафтункор аёлнинг юқори ва пастки жағларида икки қаторли тишлар ўсади. Бўйи эса аранг 140 сантиметрга етади”.

Машҳурлик
Чиқишларини Нью-Йоркда бошлаган Хулия тезда Америка бўйлаб гастролm сафарини бошлади. Унинг томошасига чипта қолмай кетарди.
Хулия киришимли, ўқимишли, хушчақчақ, довюрак ва... жуда бой эди! У ҳар доим мухлислар қуршовида бўлиб, эркаклар эътиборининг доимий марказида бўларди. У тез орада Европага жўнаб кетди ва у ерда ҳам машҳурликка эришди.
Европа мамлакатларида ҳам у кўплаб мухлисларини топди. Унга тез-тез турмуш қуриш бўйича таклиф қилишар, бироқ у рад этарди. Раққоса дўстларига ўз ҳаётини унинг пулига яшаётганлар билан боғлашни истамаслигини тан олди.

pinterest.com

Ҳақиқатга айланган туш
Хулия Пастрана ўзи қўрққан тақдирдан қочиб қутула олмади. 1857 йилда у ўз бошлиғи Теодор Постга турмушга чиқди. Эри дўстларига шунчаки ўз пулини кўпайтириш ва бошқа ёлғончиларнинг уйланиш эҳтимолининг олдини олиш учун Хулияга уйланганини тан олган.
1859 йилда Теодор ва Хулия гастроль сафари билан Россияда бўлиб, у ерда уни “бразилиялик маймун” ва “чамбаракли юбка кийган махлуқ” деб аташган. Ўша пайтда у ҳомиладор эди ва ўғил болани дунёга келтирди. Бола онасига ўхшаб туғилди ва туғилганидан уч кун ўтиб вафот этди. Икки кундан кейин оғир туғруқ асоратларидан сўнг Хулиянинг ўзи ҳам вафот этди. Ўша пайтда у атиги 26 ёшда эди.

Раққосанинг ўлимидан кейинги манфаат

pinterest.com

Рус профессорларининг ёрдами билан Теодор хотини ва ўғлини мумиёлади. Улар шиша тобутда ҳақ эвазига музейларнинг бирига қўйилиб, намойиш қилинарди. Тобут мамлакатдан мамлакатга кўчирилиб, ҳар хил “қўрқув хоналарига” жойлаштирилган. Фақат 2013 йилга келиб жасад Мексикага қайтарилди ва 1860 йилда вафот этган Хулия 153 йил ўтиб, ўзи туғилиб ўсган Мексикада иззат-икром билан дафн этилди.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.