Электр энергиясидан ноқонуний фойдаланишнинг энг кўп ҳолатлари Самарқанд вилоятида аниқланди
Жорий йилнинг феврал ьойи давомида Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирларида 1 159 та ҳолатда 51,6 млн. кВт⋅соат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.
Бунинг натижасида тизимга 23,2 млрд. сўм зарар келтирилганлиги маълум бўлди. Ушбу ҳажмдаги электр энергияси ўртача 258 мингта хонадоннинг бир ойлик электр энергияси истеъмолини ташкил қилади.
Ноқонуний фойдаланишнинг энг кўп ҳолатлари Самарқанд, Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.
Мисол учун, Самарқанддаги “Д. С. А.” МЧЖда 7,6 млрд. сўм, Наманган вилоятидаги “И. Ж.” МЧЖда 646 млн. сўм, Бухоро вилоятидаги “М. З. С.” фермер хўжалигида 428 млн. сўм миқдорида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланиб, қайта ҳисоблаш ишлари амалга оширилди.
Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.