Энди “шапкасиз” машина минамизми?
Одамларимиз ҳою-ҳавасли, эртанинг умидида тинмай куймаланади. Халқимизнинг турмуш тамойилидаги бу муштараклик, айниқса, “янги машина миниш орзуси” атрофида яққол кўзга ташланади.
Кўча-кўй, ёру биродарлар орасида «мойи билан» машина минишга нима етсин?! Орзу ўз йўлига, ҳаётий ҳақиқатдан кўз юмган билан у ўз-ўзидан йўқолиб қолмайди.
Халқимизнинг машиналарга эҳтиёжи қай даражада қондириляпти?
Жаҳон автомобилсозлик бозори талаб ва эҳтиёж устуворлиги тамойилига қурилган. Мижоз талаби доим биринчи ўринда, ишлаб чиқарувчи шунга мослаб ўз маҳсулотини сотувга чиқаради. Бизда эса аксинча, тескари тизим ишлаб, мижоз ишлаб чиқарувчининг талабига мослашар, пули етган автосалондан машина олар, қолганлар эса қайтиб кетарди.
Ўша «тарвузи қўлтиғидан тушган» мижозларнинг талаби бирор марта ўрганилдими?
“UzAuto Motors” компанияси масъуллари энди бир кабинетдан чиқиб, аҳоли эҳтиёжини, ҳайдовчилар талабини ўрганса, сўровномалар ўтказса, шундан келиб чиқиб, ички бозорни таъминлашни йўлга қўйса яхши бўларди...
Ҳамон харидоргир ва “жони қаттиқ” деб таърифланадиган “Nexia-1” ёки “Tico”га ўхшаган арзон машиналар замонавийлаштирилиб чиқарилса.
Мамлакатимиз аҳолисининг катта қисми ўртаҳол. Шу пайтгача уларнинг талабини кимдир ўргандими?
Кейинги йилларда ишлаб чиқарувчи ички бозорга фақат бир-биридан қиммат, унча-мунча одамнинг чўнтаги кўтармайдиган моделларни тақдим этди. Бу йўлтанламас машинадан сотиб олиш учун пул тў(п)лашга бюджетдан неча йил маош олиш керак?
Агар “UzAuto Motors” Ўзбекистон саноатининг “драйвер”ига айланмоқчи бўлса, аввало, ички бозорда маркетинг ишларини тўғри йўлга қўйиши, одамлар орасида бўлиши тақозо этилади. Зеро, компаниянинг ҳар сафарги тақдимотини миллионлаб халқимиз орзиқиб кутади, ҳар бир автоҳаваскор ниҳоят ўз “орзу машинаси” калити қўлида бўлишини истайди. Орзуга айб йўқ...
Шуҳрат Нормуродов.