Энди трактор олмоқчи бўлганлар лизингга техника нархининг 10 фоизини тўлаб харид қилиши мумкин

2019 йил 12 июлда Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан «Қишлоқ хўжалиги техникасини кредит ва лизинг шартларида харид қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида Низом» тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, қишлоқ хўжалиги корхонаси лизинг ташкилоти ёки банкка қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг ёки кредит шартларида харид қилиш учун ариза беради. Ариза 3 банк иш кунида кўриб чиқилади. Лизинг ташкилоти ёки банк томонидан ижобий хулоса қабул қилинса, мазкур ташкилотлар лизинг ёки кредитнинг 10 фоиз пунктини қоплаш учун субсидия ажратиш бўйича Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига буюртманома юборади.

Субсидия фақат лизинг ёки кредит шартномаси тузилган кунда ишлаб чиқарилган муддати 1 йилдан ошмаган янги қишлоқ хўжалиги техникаси учун ажратилади. Жамғарма субсидия ажратиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда бу ҳақида лизинг ташкилоти ёки банкни 1 иш кунида хабардор қилади.