Эркинжон ТУРДИМОВ, Самарқанд вилояти ҳокими: Инспекциялар томошабин бўлмасин!

Бу гапни бежизга айтмаяпман. Деярли барча соҳалар бўйича аниқ манзилларда ҳар куни таҳлиллар, суҳбатлар ўтказамиз. Масъулларга чора кўрамиз, ишни тезлаштириш тадбирларини белгилаймиз. Аммо...

Соҳалар бўйича давлат инспекциялари доимо четда қолади. Ваҳоланки, улар ҳам ижро органи ҳисобланади. Улар ҳам у ёки бу тармоқдаги ўзибўларчилик, қонунбузарликлар учун жавобгар. Лекин бирорта инспекция бўлаётган воқеаларга ижтимоий тармоқларда, оммавий ахборот воситаларида, ҳеч бўлмаганда, вилоят нашрларида муносабат билдирмайди. Фақат режасидаги топшириқни бажаргани ҳақида юқори ташкилотига ахборот беради, холос.

Менимча, барча давлат инспекцияларини жонлаштириш лозим. Улар ҳам брифинг ва матбуот конференциялари уюштирсин. Матбуот орқали жойлардаги ўзгаришлар ва камчиликларга муносабат билдириб борсин. Ҳатто халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияларида уларнинг ҳисоботларини эшитишни йўлга қўйиш зарур.

Баъзан улар “бизга текширишга рухсат этилмаганди” ёки “бу дастур ижрочиси биз эмас”, деб қутулишади. Майли, текширишмасин. Аммо мавжуд муаммони ўрганиб, соҳа ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказиб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар бериш уларнинг вазифаси эмасми?