Эркинжон Турдимов: Янги йил байрами - меҳнатимизнинг сарҳисоби, ғалвирни сувдан кўтариш, эзгу режаларни белгилаш жараёни ҳам
Ушбу байрам тадбирларини ташкил этишга ана шу нуқтаи назардан ёндашайлик.
Байрам арафасида меҳнат жамоалари, ўқув муассасалари, маҳаллаларда йил давомидаги ўзгаришларни айтиб, ибратли кишиларни рағбатлантирсак, янги режаларни айтсак, бу иш одамларга янгича куч-қувват бағишлайди. Янги йил арчаси атрофидаги кўнгилочар давраларда таниқли санъаткорлар, ижодкорлар қаторида обрўли кишилар ва турли танлов ғолибларининг қатнашиши ҳам байрамга файз бағишлайди.
Яна бир таклиф: барча соҳа ва ташкилотлар раҳбарлари ўз жамоасида энг яхши безатилган бино, кўча, уй танловларини ўтказса. Айтайлик, “Энг яхши безатилган банк”, “Энг чиройли мактаб”, “Энг чиройли шифохона” ва ҳоказо. Бундай танловларга тайёргарлик жараёнида қанчадан-қанча ободонлаштириш ва дизайн ишлари бажарилади, жамоа жипслашади. Бундай ишларни ОАВда бериб бориш эса одамларнинг кайфиятини кўтаради.
Мисол учун, Паст Дарғомда йиллар давомида “режа”да қолиб кетган ва абгор аҳволга келган Хончарвоқ, Чимбойобод йўлларининг асфальт қилиниши шу қишлоқлар аҳолиси учун байрам қилишга арзимайдими?
Умуман, туманда кейинги 10 йил ичида 110 километр, Президентимиз ташаббуси билан йўл қурилиши соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида шу йилнинг ўзида 150 километр йўлга асфальт ётқизилган.
Бундай мисолларни ҳар бир тумандан келтириш мумкин.