Эрон МАГАТЭга ядровий иншоотларни текширишга рухсат беради
Эрон МАГАТЭ инспекторларига мамлакат ядровий иншоотларини текшириш ва кузатиш имконини беради.
“Эрон ихтиёрий равишда МАГАТЭга текшириш ва мониторинг бўйича тегишли ҳаракатларни амалга оширишга рухсат беради”, — дейилади МАГАТЭ раҳбари Рафаэль Гроссининг Эронга ташрифи якунлари бўйича баёнотда.
Қайд этилишича, “аниқ шартлар яқин орада Теҳронда бўлиб ўтадиган техник учрашув доирасида томонлар томонидан келишиб олинади”.
МАГАТЭ раҳбари Эронга 3 март куни етиб келди. Бу Гроссининг 2019 йил декабрида агентликни қабул қилганидан бери Эронга тўртинчи ташрифи. Ташриф МАГАТЭ Бошқарувчилар кенгашининг душанба куни бўлиб ўтиши режалаштирилган йиғилиши арафасида амалга оширилмоқда.
Олдинроқ Эрон ядровий энергетика агентлиги раҳбари Муҳаммад Исломий бу ташриф “Эрон ядровий дастури бўйича Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини жонлантириш бўйича музокараларни очилишига” умид билдирганди.