Эртадан тест бошланади, "ўйин" бошланмасин-да
2020/2021 ўқув йилида олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун тест синовлари ва ниҳоят бошланяпти. Ҳар йили август ойида кечадиган жараён бу йил карантин чекловлари сабаб ортга сурилди - 2-14 сентябрь кунлари ўтказиладиган бўлди.
Ҳозир тест топширадиган йигит-қизларда ҳам, ота-оналарда ҳам битта ўй - ишқилиб ҳаммаси адолатли бўлсин-да, турли "ўйин"лар бўлмасин-да. Аммо ана шу "ўйин"ларни истовчилар абитуриентлар ва ота-оналар, ўқитувчилар, бу жараёнга аралашадиганлар орасида ҳам йўқ эмас. Бу иш аввало ёшларни қинғирликка ўргатиши, катта мақсадларни нопок йўллар билан бошлашига сабаб бўлишини унутмайлик.
Кейинги йилларда тест синовлари анча шаффоф ташкил этилиб, билимли ёшлар ҳақли равишда талабалик бахтига эришганини кўрдик. Ва бу ўша айримларни (улар жуда озчилик) ҳисобга олмаганда, барчага маъқул, шунга хайрихоҳмиз.
Бу йил тест синовлари очиқ майдонларда ўтказиляпти. Абитуриентлар жуда кўп, пандемия сабаб вазият ҳам ҳаммамизга аён. Балки аввалги йиллардагидек кучли назорат қилишнинг имкони бўлмас, аммо аввало ҳар биримиз жараён адолатли бўлиши учун ҳаракат қилишимиз лозим. Эшитаётган гап-сўзларимизга, турли қинғирликларга бепарво бўлмайлик.
Илмли абитуриентнинг талаба бўлишидан нафақат унинг ўзи ва ота-онаси, балки барчамиз, бутун жамият манфаатдор эканлигини унутмайлик.
Абитуриентларга омад ёр бўлсин!