Футбол: "Динамо" жамоаси таркиби ва мураббийлар штаби таништирилди

Вилоят ҳокимига 72-рақам топширилди

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида “Динамо” жамоасининг мавсумолди тақдимоти ва таништирув маросими бўлиб ўтди. 

Маросимда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи, вилоят футбол ассоциация президенти Адиз Бобоев, клуб ҳомийлари, мутасадди раҳбарлар, жамоа мухлислари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. 

Тадбир аввалида вилоят раҳбари жамоа аъзоларини янги футбол мавсуми билан табриклаб, футболчиларга омад тилади.

- Бошланадиган мавсум ғалабаларга бой бўлиши, янги таркиб билан барча ўйинларни муваффақиятли ўтказиш ҳамда Суперлигада юқори ўринларни эгаллаш клуб раҳбарияти ва футболчилар олдидаги асосий вазифа, - деди А.Бобоев. - Бунинг учун жамоага барча шароитларни яратиб берамиз, доим қўллаб-қувватлаймиз. 

Шундан сўнг Вадим Абрамов бошчилигидаги жамоанинг янги таркиби, мураббийлар штаби оммага таништирилди ва футболчиларга либослари тарқатилди. Шунингдек, вилоят раҳбари Адиз Бобоевга 72-рақам топширилди.

- Мавсумга кўнгилдагидек тайёргарлик кўрдик, - деди клуб бош мураббийи Вадим Абрамов. - Жамоага 10 нафар маҳаллий ва 6 нафар легионер футболчи жалб қилинди. Мавсум олдидан назорат учрашувларида асосий эътиборимизни футболчиларга ўйин амалиёти бериш ва майдонда самарали ҳаракат қилишга қаратдик. Бунинг натижасини расмий ўйинларда кўрамиз ва доим ғалаба учун ҳаракат қиламиз.

Эслатиб ўтамиз: Суперлиганинг 1-тури доирасида "Динамо" жамоаси сафарда Наманганнинг "Навбаҳор" клуби билан дуранг қайд этди. Энди 15 март куни вилоятимиз жамоаси 2-турда "Машъал"га қарши тўп суради.

Фазлиддин Рўзибоев.