«GreenCard» ютуғини ваъда берган фирибгар икки нафар фуқарони чув туширди

Самарқандда фуқароларга АҚШ визасини ваъда қилиб, уларнинг 8300 доллар пулларини ўзлаштирган фирибгарга қарши жиноят иши очилди.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, ўтган йилнинг 2 июнь куни 30 ёшли Х.Х. фуқаро 48 ёшли Б.Х.ни АҚШ давлатига ишга юбориш учун “Green Card” лоторея ўйинида ютиб, 6 ой ичида виза олишга ваъда берган. Сўнгра фуқародан 5800 АҚШ доллари олган ва эҳтиёжига сарфлаган.

Худди ўша фуқаро Самарқанд туманида яшовчи фуқаро 24 ёшли М.О.ни шу усул билан чув туширган. Унга ҳам юқоридаги ваъдаларни бериб, 2500 АҚШ долларини олган ва бугунги кунга қадар ваъдасининг устидан чиқмаган.

Фирибгар жабрланувчиларга жами бўлиб, 8300 доллар миқдорида моддий зарар етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “а” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.