Ҳажвия: Туфли
- Эй, муборак бўлсин! – Назир хонага кириб келган ҳамкасби Олимтойнинг оёғидаги яп-янги туфлисига ишора қилди.
- Раҳмат дўстим, кеча харид қилдим. Пишиққина ва чиройли экан... импортний.
- Нархи ҳам чиройли бўлса керак, - кулди Назир.
- Ҳа, ўзига яраша, ҳозир арзон нарса қоптими, зўрға беш юз минг сўмга тушириб олдим, - деди Олимтой мақтаниб. – Лекин хотиним “қачон савдолашишини ўрганасиз”, деб роса жавради. Ма, ўзингга бирор нарса оларсан, дея икки юз минг бериб зўрға унини ўчирдим.
Қоғоздан бош кўтармай ишлаётган Қамар уларнинг гапини эшитиб, ручкани "тақ" этиб столга ташлади. Олимтойнинг оёғига кўз югуртирди.
- Да, дидинг чакки эмас, чиндан ҳам чиройли экан. Буни “ювиш” керак, оғайни, - у қувлик билан Назирга кўз қисиб қўйди.
- Албатта! - деди Назир уни қувватлаб. - Мен яқинда очилган бир ресторанни биламан, таомлари жуда зўр. Ичимликлари импортний, маза қиласан.
- Қиммат бўлса керак, - деди Олимтой бўшашиб. У ҳамкасблари қурумсоқ деб устидан кулишларини истамасди.
- Нима, қиммат бўлганда от билан туя бўлармиди, - Қамар бўш келмади.
Ресторан чиндан ҳам шинам экан. Йигитлар роса яйрашди. Икки-уч қадаҳдан кейин қулфи дили очилиб кетган Олимтойнинг тантилиги тутиб, коньяк ва пиво буюрди.
- Бекор қилдингда, шундоқ ҳам кайф қилиб ўтирибмиз, - деди Назир сузилиб. - Ароққа аралашса, расво бўлади.
- Ие, нима, биз нозик ойимчалармидик, ўзимизни йўқотиб қўядиган, - деди Қамар ғудраниб. – Олимтой, кел дўстим, бир пешонангдан ўпиб қўяй, зўр йигитсанда...
Алламаҳалда мастликдан донг қотган Олимтойни улфатлари машинадан зўрға судраб тушириб, уйга ташлаб кетишди.
- Вой ўлмасам, бу қандай шармандагарчилик? - Хайрия эрининг ёқавайрон бўлган костюмини ечиб, бир амаллаб ўрнига ётқизди.
Олимтой ҳеч қачон болалари олдида бундай изза бўлмаганди. Эрталаб уларнинг кўзига қарашга уялиб, нонушта ҳам қилмасдан ишга отланди. Боши оғриқдан тарс ёрилай дерди. Гандираклаб туфлисини кияй деса, бир пойи йўқ, қидириб топа олмади.
- Хотин, туфлининг бир пойини кўрмадингми?
- Сиз биласиз, мен қаердан билай? Балки ароққа қўшиб уни ҳам ичиб юбгандирсиз? - пичинг қилди чой дамлаётган Хайрия. - Ароқни чиқарганнинг уйи куйсин-а!
Олимтой эски туфлисини кийиб ишга жўнади: “Эс-сиз, туфли!”. У йўл-йўлакай ресторанга кирди.
- Ие, ассалому алайкум ака, келинг, кеча яхши ўтирдингизларми? - хизматкор йигит мулозамат билан қарши олди. - Бош оғрияптими, ака? Ҳозир, юзта “ташлаб юборсангиз” калла жойига келади.
- Йуқ, ичмайман, - деди Олимтой қизариб. - Кеча мабодо туфлимнинг бир пойини тушириб қолдирмабманми?
- Эй, ҳа, ҳозир, - хизматкор ичкаридан бир пой туфлини олиб чиқди. - Кеча сал кайфингиз ошган экан, шерикларингиз судраб машинага ўтқазишаётганда тушиб қолибди, шуми?
- Ҳа, раҳмат, - Олимтой туфлини қўйнига тиқди. Ишдан сал чиройи очилиб қайтди.
- Хотин, молинг ҳалол бўлса, йўқолмас экан. Мана, туфлининг пойи, кеча ресторан олдида тушиб қолибди!
- Вой, дадаси, жаҳл қилмай, мен ўлай, - деди Хайрия чапак чалиб. - Энди бир пой туфли нима керак, деб тандирда ёқиб юборибман.
- Нима? - Олимтой бўшашиб, қўлидаги бир пой туфлига бақрайиб қараб қолди.
Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.