Ҳаётий ҳикоя: Бемеҳр ўғил ёхуд дунё жавобсиз эмас...
Бугун ваъдамни буздим. Асабийлашмайман, ҳеч кимга қаттиқ гапирмайман, мулойим бўламан "яхши қизлардай", деб ўз-ўзимга қаттиқ ваъда бергандим, ҳеч бўлмаганда бир ойга. Ўзимга кучим етади, деб ўйловдим... Бўлмади. Сабрим бир неча кунга етди, холос...
Шифо маскани, икки кишилик жой. Фариштали, катта ҳаётий тажрибага эга, нуроний онахонга ҳамхона бўлдим. Гапларини, ҳаёт ва ташвишлар, фарзандлар тарбияси ва ҳоказолар ҳақидаги гап-сўзларини эшитсангиз, маза қиласиз!
Шаҳар атрофидаги қишлоқда яшаркан. Умр бўйи шаҳардаги нуфузли корхонада оддий ишчи бўлган, фарзандлари ва чолини жуда яхши кўради. Ростдан, момонинг "чоли"га қойил қолиш керак. 5 кунлик тайёргарликдан сўнг, момони жарроҳлик амалиётига олишди. Операция муваффақиятли ўтган.
Операциядан сўнг у киши тахминан 4-5 соатлар наркоз таъсирида хуш-беҳуш бўлиб ухлади. Бобо эса 5 соатлар момони бошида ўтирди, қимирламай... Овқат емади, чой ичмади, ташқарига чиқмади...
Клиника хусусий, хизматлари арзон эмас, қолаверса, момони анча катта пулга операция қилишди, баъзилар шу пулга ҳозир тўй ўтказишади - бобо эса ҳурсанд - "Кўҳна кампиримни дўхтирлар янги қилиб беришяпти”, дейди ҳазиллашиб. Чол-кампирлардаги сабр-тоқат, ҳаётга ишонч, кўтаринки кайфиятга тасанно!
Бу хислатлар ҳозир ўта ноёб. Одамларда тоқат йўқ ...Лекин булар бошқача одамлар экан. Шаҳарда шунақа содда, самимий, меҳнатсевар одамлар борлигига ишониш қийин. Лекин қолган экан!
Момонинг тилидан доим битта ўғлининг номи тушмайди, бошқа фарзандларидан кўпроқ ўша ўғлига меҳри бўлакча экан. Уйларидан икки уй нарида яшаркан.
Тиқ этса, эшикка термулади, ҳали ўрнидан туришга рухсат беришмаган. Момонинг кўнгил сўровчилари кўп экан, ҳатто қўшнилари ҳол-аҳвол сўраб кетишяпти. Ётганига 6 кундан ўтди, операцияни ўтказди, аммо бемеҳр фарзандддан эса дарак йўқ, қорасиям кўринмайди...
Энди мен ҳам илҳақ бўлиб, кута бошладим. Икки кундан бери кўзларим тўрт бўлиб кетди! Ҳатто ўзимникиларни ҳам бунча кутмаяпман. Ҳатто телефон қилиб қўймаганига эса ҳеч ақлим етмаяпти. Сабрим чидамади...
Бободан ўша бемеҳр ўғлининг телефон номерини ўзларига билдирмай олдим-да, клиника ҳовлисига чиқиб, телефон қилдим.
Буёғи қизиқ бўлди.
Ҳовлида ким биландир қаттиқ-қаттиқ гаплашаётганимни доктор деразадан кўриб қолиб, ёнимга келди.
- Нима муаммо, сизга бунақа асабийлашиш керак эмас. Эртага Сиз учун муҳим кун. Нима ёрдам керак? - деб қолса, денг...
Унга ҳақиқатни айтмадим, албатта.
Нима деб ўйлаган бўлса? Аммо яқинларим бу учун менга танбеҳ беришди – етти ёт бегона экан, ишим бўлмаслиги керак экан...
Аммо, мен "қулоқсизроқман-да табиатан", нима қилай? Барибир, ўшани кутяпман, келиб онасининг кўнглини олишини истаяпман чин дилдан!
Ҳаммамизга ўзи инсоф берсин! айтар дунё! Кекса ота-онамизга кўрсатган кароматимиз, албатта ўзимизга қайтади!
Нима дедингиз?
Гулчеҳра Бердиёрова.