Ҳазориспандми ёки Ҳазорисфанд?
Ҳар бир халқ ўзининг бир неча минг йиллик тарихий тараққиёти давомида олам ҳақида, ундаги борлиқни, қуёш, ой, юлдузлар, кеча ва кундуз, ҳаво, ер, сув, ҳайвонот, ўсимлик ва маъданлар дунёси, осмон, ер ва сувда бўлаётган жараёнларни, ўзгаришларни ўзларича талқин этишган. Ҳар бир жараён ёки нарсага ном беришда улар ўша жисмнинг ёки нарсанинг ташқи кўриниши, бошқа бир хусусиятига қараб шакли, ранги, ҳиди, овози, ҳолати, кўриниш вақти, яшаш тарзи, фарқи, миқдори, бирор ҳодиса, воқеага боғлаб ном берганлар. Яъни, атамалар ҳар бир миллат, халқ, қабила, уруғлар томонидан турли номлар билан аталиб келинган.
Турли ижтимоий, иқтисодий, табиий ҳодисалар: кўчиш, урушлар, фалокатлар, диний ҳодисалар, урф-одатлар, иқлим, савдо-сотиқ, этник жараёнлар, касаллик, муҳтожлик, зилзилалар, тошқинлар, вулқонлар одамларни, халқларни, миллатларни бир-бири билан яқинлаштирган. Аксарият давлатлар ҳар доим ҳам бир-бирига душманлик кайфиятида бўлавермаган. Айниқса, кўчманчи халқлар аста-секин ўтроқ яшашга ўтган, деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик, қурилиш, савдо-сотиқ, ижод, давлат ишлари, сиёсат билан шуғулланган. Шу орқали ўзаро мулоқотлар юзага келган, тиллараро муомала юзага келган.
Биламизки, маълум бир ҳудуддаги бирор ўсимлик ёки ҳайвон бошқа жойда учрамайди. Натижада нарсаларни ўша жой халқи қандай атаса, бошқа халқ ҳам шундайлигича ёки шунга яқин ном билан атган ва ўша сўз бошқа халқ томонидан ўзлаштирилган. Бошқа жойдан келган халқ эса ўша нарсани сифатига қараб ўзларича номлашган.
Ўзбек тилида ҳам шундай сўзлар борки, уларнинг асл маъносини топиб ўрганишни талаб қилади. Афсуски, бу каби сўзларнинг туб маъносини аниқлашга тилшуносларимиз томонидан ойдинлик киритилмаган. Масалан, форс-тожик тилидан ўзбек тилига ўтиб ўзлашган «ҳазориспанд» ёки «ҳазорисфанд» сўзини олиб қараймиз. Бу ўсимликни Ўзбекистоннинг турли вилоятларида турлича атайди. Жумладан, бу ўсимликка нисбатан Самарқандда ҳазориспанд, Бухорода исириқ, Қашқадарёда ҳазорсупон, Сурхондарёда эса ҳазорсубон, адраспан, испандон каби атамалар ишлатилади.
1991 йилда чоп қилинган Баҳром Вафоевнинг «Кўҳна сўзлар тарихи» китобида муаллиф бу сўзнинг маъноси «сипеҳр», «сипанд», яъни «1000 хил жодудан, сеҳрдан сақлайди», деб айтган. “Миллий тикланиш” газетасининг 2017 йил 25 январдаги 4-сонида “ҳазориспанд” сўзининг маъносини “ҳазораспбанд”, “ҳазор” - минг, “асп” - от, “банд” - тўсмоқ, “минг отни боғловчи”, “минг касалликка даво”, дегани деб нотўғри изоҳ берилган.
«Сипанд» сўзининг маъноси икки хил бўлиб, биринчиси - «ҳазориспанд» ёки «испанд» сўзининг қисқа шакли, иккинчиси - Эроннинг Сеистон вилоятидаги тоғ номидир. «Сипеҳр» сўзи эса фалак, чархи фалак, осмон, арши аъло, баланд осмон, деган маъноларни билдиради. Иккинчи маъноси замона, дунё, тақдир, деганидир. Ҳазориспанд сўзининг биринчи бўлаги «ҳазор» сўзи форс-тожик тилида минг сонини билдиради. Бу тўғри. Лекин сўзнинг иккинчи бўлаги бўлган «испанд» сўзи қадимги эрон тили бўлган паҳлавий тилида «уруғ» маъносини англатади. Демак, «ҳазориспанд» - «минг уруғ» дегани. Чунки бу ўсимлик жуда кўп уруғ ҳосил қилади.
«Исфанд» сўзи эса қадимги Эрон ва Месопотамия халқларида ой маъбудининг исми бўлган. Иккинчи маъноси эса ҳижрий шамсий йили охирги 12 ойининг (21 феврал - 21 март) форсча аталишидир. Исфандиёр исмининг маъноси ҳам «Авестода диёнатли қилиб яратилган», деган маънони билдиради.
“Асфандиёр” - “тош қалқонли баҳодир”, “муқаддас илоҳ совғаси”, “танаси мисдан ясалган” маъноларини беради. Демак, «испанд» ва «исфанд» сўзлари турли маъноларга эга.
“Ҳазориспанд” ёки “ҳазорисфанд” сўзлари билан боғлиқ қишлоқ номлари ҳам мавжуд. Масалан, Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида Ҳазармали ёки Ҳазрасмали деган қишлоқ бор. Аслида бу Ҳазориспандли деб аталган ва айтиш қулайроқ бўлсин учун шакли ўзгариб, шундай кўриниш олган. Бу жойда ҳазориспанд кўп ўсганлиги учун шундай ном олган.
Алишер Навоий асарларида «испанд» кўринишида келади. Қирғиз тилида «адирашман» дейилади. Шу ўринда «исириқ» сўзига ҳам изоҳ бериб ўтиш жоиз. Бу сўз аслида «исли уруғ» бўлиб, кейинчалик исириқ кўринишини олган.
Бу ўсимликнинг доривор хусусиятларига келсак, буюк аллома, табобат илмининг даҳоси Ибн Сино: “У машҳурдир. Парчаловчи ва латифлаштирувчидир. Бўғин оғриқларига ва ирқуннасога суртиш фойдалидир. Кўнгилни қаттиқ айнитади. Қуланж касалида суртиш ва ичиш фойда қилади. Яшил пояларини эзиб бўғин, бел оғриқларига, тери қичиши (экзема), бод касаллигида ишлатилади. Дамламаси безгак, тутқаноқ, қалтираш, уйқусизлик ва бошқа касалликларда тинчлантирувчи, оғриқ қолдирувчи восита сифатида фойдаланилади. Поялари қайнатмаси терлатувчи ва пешоб ҳайдовчи хусусиятга эга”, деган.
Бруцеллёз касаллигида ҳам яшил ҳолдаги қайнатмаси ичилса, оғриқ қолдиради. Узоқ вақт дамлаб ичиб юрилса, ич юмшатиш хусусияти борлиги ҳам аниқланган. Уруғи қайнатмаси (зиғир уруғи билан бирга) астмага қарши ичилади. Бундан ташқари, тиришишга, аёллар касалликларида, неврастения (асаблар чарчаши), миопатия (мушак касалликлари)да миастения (мушаклар заифлашиши)да, меъда-ичак касалликларида, эпидемик энцефалит (ҳайвон канаси тишлаши ёки канани қўл билан ўлдирганда кана қонининг одам териси ёриғи ёки ярасига кириши оқибатида келиб чиқувчи оғир касаллик) оқибатларини даволашда ишлатилади.
Ҳиндистон табобатида гижжага қарши ичилади. Уруғларидан оч қизил рангли «турк бўёғи» олинган. Унинг 10 грами олиниб, 40 фоизли спиртда 1:5 нисбатда 6 ой сақланар экан. Унга тенг миқдорда нашатир ва натрийли селитра ҳам қўшилар экан (1 литр спиртга иккисидан ҳам 10 грамдан). Тайёр бўёқ билан 5 квадрат метр ипакни алвон ва 50 квадрат метр матони пушти рангга бўяш мумкин. Тожикистон халк табобатида ўсимлик униб чиққач, унинг устидан ёриқ қозон тўнкариб қўйилган. Гиёҳ ўсиб, катталашиб, қозон деворига гиёҳдан ажралиб чиққан смолалари қозон деворига ёпишиб қолгач, уни пичоқ билан қириб олар экан. Бу модда барча касалликларга шифо бўлади, дейишади.
Абдуманнон ЁРҚУЛОВ,
Нуробод тумани, архитектор.