Ҳимоя ордери етарлими? Ёки эътиборсизлигимиз қимматга тушаётгани ҳақида мулоҳаза
Хотин-қизларга ҳимоя ордери тушунчаси ҳаётимизга кириб келганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Аммо биргина бу терминнинг ўзи ҳаётимиз мазмуни, феълимиз ва кундалик турмушимиз ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўришимизни тақозо этмапятими? Зотан, аёллар интиқиб кутадиган байрам кунлари бўлган воқелик буни яна бир бор исботлади.
Педофилликда гумонланаётган шахс
У 8 март куни Самарқанд шаҳридаги ўқув марказидан чиқиб, уйига бориш учун такси тўхтатган 13 яшар қизни олиб, туманлардан бирига йўл олган. Маст ҳолда бўлган ҳайдовчи йўлда машинасининг баллони ёрилиб, тўхташга мажбур бўлганда, қиз машинадан тушиб қочган ва одамлардан ёрдам сўраган.
Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида С.У. қўлга олинган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 137-моддаси (Одам ўғирлаш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи процессуал тартибда қамоққа олинган.
Менимча, бу ҳолат қатор саволларни туғдиради. Масалан, воқеликнинг асл сабабчиси гумонланувчи тарзида қўлга олинибди, қўлга олинмаганда у қилмишини яна такрорлаши мумкин эмасмиди? Бунгача яна қанча қизларнинг шаънини булғаган бўлиши мумкин-ку. Ахир байрам куни унинг “ўлжаси”га айланган қизча тасодиф туфайли қочиб қутулмаганда унинг тақдири аянчли кечмаслигига кафолат борми?
Ўйлаб кўришимиз керак
Туман Кенгаши депутати сифатида таҳлил қилиб кўрганман. Тойлоқ туманида 2023 йилнинг январь ойи давомида 26 та оилавий ажрим қайд этилган. Бу мавжуд 50 та маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳар бирига 2 тадан кўп тўғри келмоқда. Ёмон томони шундаки, ажримлар туфайли 21 нафар фарзандлар етим бўлиб қолди.
Таҳлилларга кўра, ёш никоҳланувчиларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги оқибатида 3 та ажрим бўлган. Хиёнат сабабли 1 та, спиртли ичимлик ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш оқибатида 4 та, характери тўғри келмаганлиги оқибатида 6 та ажрим қайд этилган.
Буларнинг ҳаммаси биз, катталар фарзандларимизни ҳаётга тайёрлашдаги эътиборсизлигимизнинг инъикоси эмасми?
Рақамлар ёши катталарнинг ўзимизга тарбия керак бўлмаяптими, деган савол туғдиради. Чунки Тойлоқ туманида қайд қилинган ажримларнинг 40 фоизга яқини, яъни 10 тасига 3-шахс аралашуви сабаб бўлган.
Ўйлаб кўришимиз, қаёққа қараб кетаётганимиз ва нималарга эътибор қилаётганимизга эътиборли бўлиш керак эмасми? Ахир замон ўзгарди, шунга монанд давлат сиёсатида туб бурилишлар бўляпти. Давр билан ҳамоҳанг бўлиш атроф-четга бепарволикни, ўз қобиғимизга ўралиб қолишни англатмайди-ку.
Қилмиш-қидирмиш, аммо...
Юқорида қайд қилинган воқеликда ўқув марказдан уйига қайтаётган қиз йўл-йўлакай одам олаётган машинага ўтирган. Албатта, минг қилганда ҳам у жабрланувчи, аммо юзлаб қонуний киракашлар турганда бу йўлдан юриши тўғрими?
Умуман, ҳаётда дуч келинадиган ҳар қандай вазиятларда қонуний йўл тутишни ўғил-қизларимизга ўргатиш биз, катталарнинг биринчи галдаги вазифамиз эмасми?
Тўғри, қилғиликни қилган ўша одам жазосини олади. Аммо бу билан болаларимизда қонунга ҳурмат шаклланиб қолмайди. Демак, фарзандларимизга қандай тарбия бераётганимиз, уларни катта ҳаётга қай тариқа тайёрлатганимизни таҳлил қилиб, галдаги вазифаларимизни белгилаб олишимиз шарт.
Нилуфар Акрамова,
халқ депутатлари Тойлоқ тумани Кенгаши депутати.