Ҳомиладор аёлини мунтазам калтаклаб келган иштихонлик фуқаро назоратга олинди
Инсон оила аталмиш муқаддас даргоҳга қадам қўяр экан, кўнглидаги энг яхши ниятлар ва орзу-истакларини бўлажак турмуш ўртоғида кўради. Аммо орамизда шундай инсонлар борки, нафақат ожиза хотинига, балки ҳали дунё юзини кўриб улгурмаган фарзандига тазйиқ ўтказиб, калтаклаган ва бу қилмишини ойлар давомида такрорлаб келган.
Иштихон туманида истиқомат қилаётган, 2000 йилда туғилган Х.С. - Азамат маҳалласида яшовчи, 1996 йилда туғилган Т.Ё.га шу йил бошида турмушга чиққан. Шу вақт ичида Х.С. ҳомиладор бўлишига қарамасдан, эри томонидан доимий равишда калтакланиб келинган. Охири Х.С. бу азоблардан қутулиш ва фарзандини асраб қолиш мақсадида ота-онасининг уйига кетиб қолади. Қизининг бу аҳволини кўрган онаси уни шифохонага олиб бориб даволайди. Аммо ўн кундан ортиқ вақт ўтса ҳамки, куёвдан дарак йўқ. Қизининг аҳволи ҳамда куёвининг муносабатларидан орзу-ҳаваслари пучга чиққан онаизор юқори ташкилотларга мурожаат қилади.
Шундан сўнг ўз турмуш ўртоғи томонидан тазйиққа учраган Х.С.га Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан туман ИИБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, лейтенант М.Примова ва Боғбон маҳалласи профилактика инспектори С.Тошмуродов томонидан ҳимоя ордери берилди. Маҳалла раиси, унинг ўринбосари ҳамда профилактика инспектори Х.С. оиласига мураббий этиб бириктирилди.
Жабрланган Х.С. эндиликда турмуш ўртоғи Т.Ё. билан ажрашмоқчи. У ўз ота уйида истиқомат қилиш ниятида. Эрининг уйига қайтиш учун унда на соғлик қолди ва на истак.
Матлуба РАББИМОВА.