Ҳукумат комиссияси Самарқанддаги саноат корхоналари муаммоларини ўрганди

Президентимизнинг 2020 йил 18 августдаги “Республикада экспорт ва инвестиция салоҳиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан, экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан ҳудудларда 6 та йўналиш бўйича фаолият олиб борилди. Комиссия томонидан саноат корхоналарининг фаолиятини ўрганиш ва улар дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш, ҳудудий инвестиция дастурларини мақбуллаштириш, саноат кластерларини ташкил этиш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, импорт товарларни маҳаллийлаштириш, эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналар самарадорлигини ошириш, экспорт ҳажмларини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш вазифалари амалга оширилмоқда.

Сентябрь ойида комиссия томонидан вилоятдаги 6259 та саноат объектларининг жорий ҳолати ўрганилди.

Жумладан, корхоналар айланма маблағларини тўлдириш, илгари тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаларини қайтариш, муҳандислик коммуникацияларига уланиш билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди. Ер, бўш бино ва иншоотларни ажратиш, зарур рухсатномалар, халқаро сертификатлар олиш, технологик ускуналарни олиб келиш ва хорижий мутахассисларнинг Ўзбекистонга етиб келишлари билан боғлиқ муаммолар ўз ечимини топди.

Самарқанд вилояти инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси ахборот хизмати.