Ижара шартномаси: Қандай ўзгаришлар бор?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 майдаги "Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан 2019 йил 1 январдан бошлаб ижара шартномаларини солиқ органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби ўрнатилди ва кўчмас мулкни ижарага бериш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинди.

Хўш, янги тартиб қандай бўлади ва шу вақтгача нотариуслар орқали тузилган шартномалар ўз кучини йўқотадими? Шу каби саволлар билан вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод НурмуҲаммедовга мурожаат қилдик.

– Юқоридаги қарор асосида давлат солиқ қўмитаси томонидан "Кўч­мас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби" ишлаб чиқилди. Унга кўра, ҳар икки томон ўзаро шартнома тузиши ҳамда у солиқ органларида ҳисобга қўйилиши лозим.

Шартномани ҳисобга қўйиш учун солиқ органлари томонидан ҳеч қандай ҳақ олинмайди. Нотариус орқали тузилган ижара шартномалари амал қилиш муддатига қадар ўз кучида қолади ва ушбу шартномаларни давлат солиқ органларида қайта рўйхатга қўйиш талаб этилмайди.

– Ижара шартномаси бўйича олинган даромадларга ҳисобланган солиқнинг бир йиллиги тўлаб қўйилган бўлса, 2019 йил 1 январдан қандай ҳисоб китоб қилинади? (мисол учун, 2018 йил 1 майдан 2019 йилнинг 1 майига қадар солиқ тўланган).

– Ижара шартномаси бўйича олинган даромадларга 2018 йилда 7,5 фоиз миқдорида, 2019 йил 1 январдан 12 фоиз миқдорида солиқ ҳисобланишидан келиб чиқиб, юқо­ридаги мисол бўйича 2019 йил январь-май ойлари учун қайта ҳисоб-китоб қилинади.

– Кўчмас мулк ижара шартномаларини солиқ органларида ҳи­собга қўйиш муддатлари белгиланганми ва рўйхатга қўйиш учун қўшимча йиғим ундириладими?

– Кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисида низом (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2018 йил 11 октябрда 3077-сон билан рўйхатга олинган)нинг 6-бандига асосан ижарага берувчи ёки унинг вакили кўчмас мулк ижара шартномасини у тузилган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай давлат солиқ хизмати органида ҳисобга қўйиши шартли белгиланган ҳамда рўйхатга қўйиш учун қўшимча йиғим ундирилмайди. Ўзаро шартнома тузиш учун эса my.soliq.uz cайти ва ҳудудий солиқ идораларидаги намуналардан фойдаланиш мумкин.  

– Ижара шартномаси тузмасдан мулкни ижарага берган фуқароларга қандай чоралар қўлланилади?

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1591-моддасида фуқаролар ўртасида бино, иншоот ёки уларнинг бир қисмини, турар жойни ижарага бериш, текин фойдаланишга бериш шартномасининг мавжуд эмаслиги ёхуд давлат солиқ органларида ижарага бериш шартномасининг мажбурий ҳисобга қўйилишига риоя этмаслик, – энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ суҳбатлашди.