Ижро органларининг 108 нафар раҳбарига нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида парламент юқори палатаси Раиси Танзила Норбоева маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорлик борган сари янги йўналишларда ривожланиб бораётганини таъкидлади.

– Жойлардаги депутатларимиз Сенат мажлисларида иштирок эта бошлади, – деди Сенат Раиси Т.Норбоева. – Жумладан, бугунги мажлисимизда ҳам маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари вакиллари қатнашмоқда. Сенат қўмиталарининг деярли барча назорат-таҳлил тадбирлари маҳаллий Кенгашлар билан бамаслаҳат ва бевосита ҳамкорликда ўтказилмоқда. Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар ҳудудларга бириктирилиб, маҳаллий Кенгашлар ишини самарали ташкил этиш бўйича иш олиб бормоқда. Умуман, маҳаллий Кенгашларга ҳар томонлама кўмаклашиш борасидаги ҳаракатларимиз ўзининг амалий натижаларини бера бошлади.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида маҳаллий Кенгашларнинг 1 700 дан зиёд сессияларида 9 мингдан ортиқ масала муҳокама этилди. Қарийб 4 минг марта маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотлари эшитилди. 660 марта назорат-таҳлил тадбири ўтказилди. Мутасадди идора ва ташкилотлар раҳбарларига 21 мингдан зиёд депутатлик сўровлари юборилди.

Яна бир жиҳат. Маҳаллий Кенгашлар сессиялари қарорлари билан ижро органларининг 108 нафар раҳбарига нисбатан интизомий жазо чораларини кўриш, жумладан, 25 нафар мансабдор шахсни лавозимидан озод этиш бўйича таклифлар киритилди.

Шу билан бирга, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини онлайн тарзда ёритиш амалиёти йўлга қўйилгани аввал кузатилмаган янгиликдир. Хусусан, халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг шу йил 24 июлдаги 9-сессияси ижтимоий тармоқлар орқали онлайн эфирга узатилди. Бундай амалиётни бошқа ҳудудларда ҳам қўллаш зарур.

Яқинда одил судлов масаласида маҳаллий Кенгашлар ва ҳудудий суд идораларининг ўзаро мулоқот механизмини самарадорлик нуқтаи назаридан такомиллаштириш бўйича янги амалиёт йўлга қўйилгани ҳам эътиборга молик.

Мухтасар қилиб айтганда, маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорликни ривожлантириш бундан кейин ҳам фаолиятимизнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.