Иммунитетни мустаҳкамлашга ёрдам берадиган 3 тавсия
Шунчаки истак ёки фақат витамин истеъмол қилишнинг ўзи билан иммунитет кўтарилиб қолмайди. Иммун тизимининг мустаҳкам бўлиши учун истеъмол қилинадиган маҳсулотларга эътибор берган ҳолда қуйидаги тавсияларга ҳам амал қилиш тавсия қилинади.
1️⃣Соғлом уйқу
Тиниқиб ухлашнинг иммунитет ва инсон кайфиятига ҳам таъсири бор. Суткалик норма 7 соатлик уйқу ҳисобланади ва 6 соатдан кам ухлаган ва уйқуга тўймаган инсонда турли вирус, хусусан, коронавирус юқтириб олиш эҳтимоли 4 карра кўп бўлиши тадқиқотлар натижасига кўра аниқланган. Соғлом уйқу давомида организмда қайта тикланиш жараёни юз беради ва шу сабаб ҳам қуйидагиларга амал қилиш тавсия қилинади:
- Бир вақтда ётиб, бир вақтда туриш;
- Тоза ҳавода кўпроқ вақт ўтказиш;
- Магнийга бой — исмалоқ, дуккакли маҳсулотлар ва ёнғоқ истеъмол қилиш;
- Ухлашдан бир соат олдин телефонларни ўчириб қўйиш.
2️⃣Руҳият устида ишлаш
Стресс натижасида организмда иммун ҳимоясининг сусайишига сабаб бўладиган кортизол гормони ажралиб чиқади. Ёқимсиз воқеа-ҳодисалардан қочиб бўлмаслиги мумкин, лекин сиз ундай вазиятга нисбатан муносабатингизни ўзгартиришга ва назорат қила олишга қодир эканингизни унутманг. Шунингдек, мутахассислар томонидан қуйидагилар ҳам тавсия қилинади:
- Кунига камида уч марта ёқимли онларни ҳис қилиш;
- Негатив хаёлга берилмаслик учун нима қилиш мумкинлигига диққатни қаратиш;
- Одамлардан иложи борича сир сақламаслик (сир сақлаш ҳам руҳан чарчатади одамни);
- Ҳозир билан яшаш ва ўхшамаган нарсалар ҳақида қайғурмаслик.
3️⃣Жисмоний машқлар
Спорт билан шуғулланиш натижасида иммун тизими мустаҳкамланиши аллақачон аниқланган. Бунинг учун эса олимпияда чемпиони бўлиш шарт эмас, кундалик машқларни кам-камдан бажариш кифоя. Масалан, шунчаки тоза ҳавода ярим соат давомида кўча кезиш ҳам саломатлик учун фойда келтиради. Иложи борича ҳаракатдан тўхтаб қолмаслик, саломатлик ва кайфият умрнинг қандай ўтишида аҳамиятли эканини унутмаслик керак.