Ишониш қийин, лекин инсон танасида бу моддалар мавжуд ёки биз радиоактив моддалар ташувчисимиз

Инсон танаси - қойилмақом машина. Бизнинг анатомиямиз минглаб йиллар давомида сайёрамиздаги ўзгарувчан муҳитга мослашиш натижасидир. Ўтган асрлардаги тиббиёт ютуқлари бизга танамизнинг тузилишини батафсил ўрганиш имконини берган бўлса-да, биз ундаги янгидан-янги жараёнларни кашф қилишдан тўхтамаймиз.

Портловчи моддалардан тортиб электр токигача – бу рўйхатда инсон танасини ташкил этувчи ғалати ва ҳайратланарли моддалар билан таништирамиз.

Алкоголь

Вещества, содержащиеся в теле, в которые трудно поверить

Кўпгина тадқиқотлар соғлом, ҳушёр одамнинг қонидаги этанол концентрацияси бир литр қонга 0,8 миллилитрни ташкил қилишини кўрсатди. Шунингдек, инсон қонида 0,6 миллилитр алкоголнинг яна бир тури метанол топилган. Яхшиямки, бу жуда кам қийматлар қонун билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқармайди. Дунёда овқат ҳазм қилиш тизими ферментив бактериялар ва замбуруғлар билан тўлдирилган, шакарга бой озиқ-овқатлардан жуда кўп миқдордаги спирт ишлаб чиқариши мумкин бўлган “автопивозавод синдроми” билан азият чекадиган одамлар ҳам учраб туради. Ушбу синдромга эга одамларнинг бир литр қонида тўрт граммдан ортиқ спирт бўлиши мумкин, яъни улар спиртли ичимлик ичмасдан туриб ҳам ҳар доим маст бўлишади.

Озон

Озон 25 километр баландликда газ қатламини ҳосил қилиб, Ердаги ҳаётни қуёш нурларидан ҳимоя қилади.

Деярли йигирма йил олдин олимлар инсон танаси иммун тизими озон ишлаб чиқаришини аниқладилар. Танамизда касаллик қўзғатувчи бактериялар ва замбуруғларни йўқ қилиш учун тана бўйлаб юрадиган антитаначалар билан қопланган нейтрофил ҳужайралари мавжуд. Улар ўз антитаначаларни юқори энергияли кислород молекулалари билан озиқлантиради. Шундан сўнг антитана бу молекулаларни бактерияларни йўқ қиладиган фойдали азонга айлантиради.

Цианид

Инсон учун жуда зарарли кимёвий бирикма ҳар куни танага турли концентрацияларда киради, чунки у ҳавода, сувда ва истеъмол қиладиган овқатларда мавжуд. Шунингдек, инсон танасининг ўзи ҳам цианид ишлаб чиқаради. Мисол учун, сўлакдаги кимёвий жараёнлар томоқ ичида цианид газининг пайдо бўлишига олиб келади. Ҳисоб-китоблар соғлом одамнинг танасидаги ҳар 100 грамм тўқимада 50 микрограмгача цианид борлигини аниқлади. Бироқ бу бирикма тана ичида тўпланмайди, унинг катта қисми жигарда қайта ишланади ва сийдик орқали, бошқа қисми эса карбонад ангридридга айланиб, нафас орқали чиқарилади.

Радиоактив моддалар

Танамизда электрон қурилмаларда ишлатиладиган торий радиоактив элементи борлигини билармидингиз?

Биз ҳар куни озиқ-овқат ва сув орқали оз миқдордаги торийни оламиз, лекин одатда у бир неча кун ичида танадан чиқарилади. Шунингдек, тадқиқотлар инсон танасида ядро реакторлари ва оммавий қирғин қуролларида кенг қўлланиладиган 22 микрограмм уран борлигини кўрсатди. Озиқ-овқат, айниқса, ювилмаган сабзавотлар ураннинг танага кирадиган манбаи бўлиб хизмат қилади.

Қимматбаҳо металлар

Қувонарлиси, танамиздаги ҳамма нарса хавфли ёки радиоактив эмас, биз ўзимизни иқтисодий жиҳатдан қимматли қиладиган қимматбаҳо элементлар эгасимиз. Умуман олганда, танамизда 0,2 милиграмм олтин бор, бу соф олтиндан 0,22 миллиметрли куб ясаш учун етарли. Шунингдек, танамизда одам учун токсиклиги паст ҳисобланадиган кумуш бор. Кумушнинг кунлик ўртача истеъмоли 88 микрограмгача етади. Бу бир неча қум доналари оғирлигига тенг.
Лекин қимматли бўлиш учун бу жуда оз, шундай эмасми?

Электр токи

2009 йилда Тохоку технология университети (Япония) олими Масаки Кобаяши инсон ёруғлик чиқариш қобилияти - биолюминесанслигини текширишга қарор қилди. Бунинг учун у беш кишини ёллади ва уч кун давомида ҳар уч соатда ёруғликка ўта сезгир камералар ёрдамида 20 дақиқа узлуксиз уларнинг танасини суратга туширди. Натижалар бўйин ва бош каби тананинг баъзи жойлари доимий, тушдан кейин соат тўртларда эса бошқа пайтдагига қараганда янада равшан ёруғлик чиқаришини кўрсатди.

Хўш, агар биз ёруғлик чиқарадиган бўлсак, нега фонарь каби порламаймиз?

Жавоб жуда истеҳзоли: биз чиқарадиган ёруғлик жуда заиф, бундай ёруғлик кўзларимиз идрок эта оладиган даражадан минг карра паст. Лекин бу ёруғлик биздан ҳар сонияда чиқади.

Демак, сиз нафақат олтиндан яралгансиз, балки радиоактив моддалар ташувчиси бўлиш билан бирга унчалик ёруғ бўлмаса-да, юлдуз каби порлаб турар экансиз.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.