Иштихондаги дарахтлар кесилиши: вилоят ҳокимлиги ҳолатни фош этган сайтга миннатдорлик билдирди

Кеча – 7 июль куни kun.uz сайти мухбирлари томонидан “Дарахтлар «қирғин»и давом этмоқда, байроқ бу гал Иштихонда" сарлавҳаси остида Иштихон тумани марказида ярим асрлик дарахтлар кесиб ташланганлиги ҳолати баён этилганди.

Ҳокимлик сайтида ёзишилишича, “Вилоят ҳокимлиги томонидан мазкур мақола юзасидан дарҳол ахборот тақдим этиш ва ўрганиш ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармасига кўрсатма берилди.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш натижаларига кўра, албатта ҳолатга ва айбдорларга нисбатан ҳуқуқий баҳо берилади.

Шу ўринда вилоят ҳокимлиги “kun.uz” сайтининг фидойи журналистларига юқорида қайд этилган ҳодиса ва шунга ўхшаш бошқа ҳолатларни фош этишда қўшаётган муносиб ҳиссаси учун миннатдорчилик билдиради».