Ислом имтиҳонларсиз қандай талаба бўлди?

“Гарчи бу соҳанинг нималигини яхши англамаган бўлсам-да, тавсиялар асосида менда дипломат бўлиш истаги пайдо бўлди. Бешинчи синфдалигимда акам кимё фанидан вилоят олимпиадасида биринчи ўринни олди. Шу воқеагача инглиз тилидан тайёрланган бўлиб юрардим. Кейин оиламиз аъзолари танлови бўлган табиий фанлар йўналишига менда ҳам қизиқиш пайдо бўлди. Бундай дейишимнинг боиси раҳматли бобом кимё фани ўқитувчиси, ота-онам врач, акам Самарқанд давлат университетининг кимё факультети талабаси.

Мақсадимни эшитган бобом:  “Ўғлим, келажакда ким бўлмоқчисан” деб сўради.

– Сизга ўхшаган кимё  муаллими бўлмоқчиман, - дедим.

– Бунинг учун олдин кимё фанини яхши ўзлаштириш керак, бу фан қийин. Икки дарсдан сўнг чидолмай, бошқа соҳага қизиқиш пайдо бўлиб қолмайдими, - деди бобом.

Устозларим кўмагида ўқидим, ўргандим, уч йилдан сўнг саккизинчи синфлигимда кимё фани бўйича билимлар беллашувида республикада учинчи ўринни қўлга киритдим. Албатта, бироз хафа бўлдим ва ўшанда мен барибир республикада биринчи ўринни оламан, дея олдимга катта мақсад қўйдим.”

Бу республика олимпиадаси ғолиби Ислом Воҳидовнинг муваффақият йўлидаги илк қадамлари.

Самарқанд ветеринария медицинаси  институти академик  лицейи  3-босқич  ўқувчиси  Ислом умумтаълим фанлари бўйича ўтказилган республика олимпиадасида кимё фани бўйича иштирок этиб, ғолиб бўлди.

Ислом Воҳидов 2000 йилда Пайариқ тумани Болта қишоғида туғилган. Унинг кимё фанига қизиқиши оиласида шаклланди. Қолаверса, ундаги иқтидорни вақтида пайқаган устозлари ҳам у билан алоҳида шуғуллана бошлади. Бобоси – кимё фани ўқитувчиси Эркин Эшматов Ислом билан қўшимча машғулотлар олиб борди. Бобоси унга ҳар доим бир нарсани уқтирарди: “Сен кимё фанидан республика, халқаро танловларида биринчиликни қўлга киритишинг лозим”. Ислом бобосининг айтганларини шунчаки гап, деб билмади: ўқиди, ўрганди ва мактабдалигида ҳам олимпиадада қатнашиб, совринли ўринни эгаллади. Пайариқдаги 11-умумтаълим мактабидан яна бир кимёгар учирма бўлди. У лицейга ўқишга киргач, ўз устида янада жиддийроқ шуғуллана бошлади.

- Ислом тиришқоқ, изланувчан бола, қолаверса, фавқулодда зеҳн соҳиби, - дейди кимё фани ўқитувчиси Дилмурод Содиқов. – Бундай дейишимга сабаб, айни пайтда ўзим унга устозлик қилаётган бўлсам-да, ўтилган мавзудан иккимиз ҳам бир хил масалани ишлаб бошласак, у мендан олдин ечимини топади.

– Ушбу нуфузли танловда ғолиб бўлиб, яқинларим, устозларим  ишончини оқлаганимдан бахтиёрман, – дейди Ислом. – Аммо бугунги натижа билан тўхтаб қолмоқчи эмасман, ўз устимда янада кўпроқ ишлаб, бундан-да юқори марраларга эришишни мақсад қилдим. Авваламбор, бугунги мувафаққиятим учун берилган бирор олийгоҳга кириш имтиҳонларисиз талаба бўлиш имтиёзидан фойдаланиб Тошкент давлат стоматология институтида ўқимоқчиман.

Олим Соннибоев.