Жаҳолатга қарши маърифат
Самарқанд вилояти матбуот уйида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан матбуот анжумани ўтказилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган мазкур муассаса зиммасига юклатилган вазифалар ва айни пайтдаги фаолият ҳақида маълумот берди.
– Илмий ходимларимиз томонидан шу пайтгача “Имом Бухорий таърифи”, “Одоблар хазинаси”, “Ўрта аср шарқ алломалари энциклопедияси”, “Абдулҳамид Кеший ҳаёти ва ижоди”, “Ҳақиқат ниқобидаги ёлғон”, “ИШИДнинг ботил ғоялари ва уларга раддиялар” каби 20 га яқин китоб нашр қилинди, – дейди Ш.Зиёдов. – Ҳозирги кунда Имом Бухорий бобомизнинг учта – “Биррул волидайн” (Ота-онага яхшилик қилиш), “Холқ афъол ал-ибод” (Бандалар феълларининг яратилиши) ва “Сулосиёт ул-Бухорий” (“Саҳиҳи Бухорий” асаридаги санади уч ровийли ҳадислар) китоблари таржима қилиниб, таҳрир ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, заминимиздан етишиб чиққан улуғ алломалар ҳаёти ва илмий-маърифий фаолиятини ўрганиш борасидаги изланишлар самарасида “Имом Бухорий мажмуаси” китоб-альбоми, “Имом Бухорий ҳаёти”, “Муҳаддислар султони”, “Алоуддин Усмандий Самарқандий ҳаёти ва илмий мероси”, “Иброҳим Саффор Бухорий ҳаёти ва илмий мероси” китоблари яратилиб, нашрга тайёрланмоқда.
Бугунги кунда марказ томонидан дунёдаги 14 та етакчи ислом тадқиқот маркази ва университетлари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланган. Бундан ташқари, Буюк Британия, Франция, Германия, АҚШ, Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Малайзия, Покистон, Ҳиндистондаги илмий марказлар билан алоқалар йўлга қўйилган. Юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар илмий меросини ўрганиш мақсадида Малайзиянинг Ислом илмлари университети, Ислом цивилизацияси институти, Исломни англаш институти билан келишувларга эришилган. Саудия Арабистонининг Подшоҳ Абдулазиз университети, Суннат ва набавий меросни ўрганиш маркази ёрдамида хорижда сақланаётган нодир қўлёзмалардан нусха олиш ишлари бошланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 11 январь куни мазкур марказда бўлиб, ушбу муассаса ва бу ерда ташкил этилган музей кишиларга Имом Бухорий бобомизнинг ким экани, қандай улуғ ишларни амалга оширгани ҳақида ёрқин тасаввур уйғотадиган маскан бўлганини таъкидлаган эди. Шундан буён бу ерга келувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сафи кун сайин кенгайиб бормоқда. Марказда турли маърифий суҳбатлар, учрашувлар ўтказилмоқда. Жумладан, шу пайтгача 4 мингдан ортиқ юртдошимиз ва чет эллик меҳмонлар марказда бўлиб, унинг фаолияти билан танишди.
Матбуот анжуманида марказ ходимлари томонидан жойларда “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида ўтказилаётган тарғибот тадбирлари ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.