Жаҳон бозорига қандай чиқиш мумкин?

Бугунги кунда университетда таҳсил олаётган бўлсам-да мамлакатимиз эртаси, иқтисодиёти ривожи учун ҳисса қўшишга, бунинг учун нима қилишимиз зарурлиги ҳақида аниқ таклифлар билдириш, мушоҳада юритишга қизиқаман. Зеро, Президентимиз биз, ёшлардан юртимиз истиқболи учун бефарқ бўлмасликни талаб қилмоқда. Шу боис бу борада ўз фикрларимни билдирмоқчиман.

Давлатимиз раҳбари 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга мурожаатномасида 2019 йил «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да барча манбалар ҳисобидан қарийб 138  триллион сўмлик ёки 2018 йилга нисбатан 16 фоизга кўп инвестиция жалб этилишини билдирди.

Шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий сармоя миқдори ўтган йилга нисбатан 1,5 баробар оширилиб, 4,2 миллиард долларга етказилиши натижасида 142 та замонавий корхона ишга туширилишини эълон қилди.

Бунинг учун ишлаб чиқариш жараёнини замонавийлаштириб, илғор технология малакали ишчи кучи жалб этган ҳолда, аввало, маҳаллий бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, импортни қисқартириш ва асосийси, мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш орқали жаҳон иқтисодиётига яқинлашиштириш имкониятини яратади. Биргина қишлоқ хўжалигини оладиган бўлсак, бу соҳада кенг имкониятларимиз бўлса-да, импторт товарлар қаторида озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам катта салмоқни ташкил этади. Шу боис мамлакатимизда етиштирилган пахтани қайта ишлашни 52 фоизга етказиш мақсадида 48 та пахта тўқимачилик кластерлари ташкил этилмоқда. Шу билан бирга ғалла ва мева-сабзавотчилик кластерлари ривожлантириляпти. Бу, аввало, импортни камайтириш ва хорижга маҳсулот сотишни кўпайтириш билан бирга аҳорли бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Шунингдек, мамлакатимизга киритилаётган инвестициялар асосан маҳаллий хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, юқори технологияга асосланган янги ишлаб чиқаришларга йўналтирилаётгани ҳам аҳамиятли. Бу усул дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатлари тажрибасида синовдан ўтган ва муваффақият келтирган. Асосийси, рақобатбардош маҳсулот турларини кўпайтириш орқали жаҳон бозорига чиқиш ва мустаҳкам ўрин эгаллаш имкониятлари ортади.

Шу боис мамлакатимизда юқори технологияга асосланган янги корхона ва ишлаб чиқариш тармоқларини жадал ривожлантириш, ишлаб турган қишлоқ хўжалик корхоналари қувватларини модернизация қилиш, замонавий технологияларни янгилаш жараёнларини жадаллаштириш зарур.

Юлдуз СОЛИЕВА,

Самарқанд давлат университети талабаси.