Жанубий Корея президенти КХДР ҳукуматини ағдариш ғояси ҳақида гапирди
Жанубий Корея КХДРдаги мавжуд тузум хавфсизлиги ва «яшовчанлиги»га кафолат бера олмайди. Шу билан бирга режимни куч билан алмаштиришни ҳам истамайди. Бу ҳақда Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль ўз лавозимига киришганининг юз кунлиги муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.
«Тузумни сақлаш кафолати. Жанубий Корея ҳукумати буни таъминлай олмайди, лекин мен ва ҳукуматимиз Шимолий Корея минтақасидаги статус-кво қўпол ёки зўравонлик билан ўзгаришини хоҳламаймиз», деди у.
Президент фикрича, Сеул учун энг муҳими, бу икки республика ўртасидаги тинчлик, бироқ Жанубий Кореянинг иқтисодий ёки дипломатик ёрдами натижасида КХДР мустақил равишда ўзгарса, у ҳолда бундай ўзгаришлар фақат олқишланади.
«КХДРни иқтисодий жиҳатдан босқичма-босқич қўллаб-қувватлашимиз мумкин бўлган мен эълон қилган ядросизланиш йўл харитасига келсак, бу «аввал ядросизланишни амалга оширинг, кейин ёрдам берамиз» дегани эмас. Аммо агар Пхеньян шундай қилиб қатъий иродасини кўрсатса, биз қўлимиздан келганича ёрдам қиламиз», деб тушунтирди Президент.
Унинг қайд этишича, КХДРдан жавоб кутишдан аввал Жанубий Кореянинг бундай мулоқотга тайёрлигини кўрсатиш зарур.
«Сайловолди ташвиқотимдан бери мен Шимолий Корея билан мулоқот кераклигини такрорлайман. Лекин икки давлат раҳбарлари ёки ишчи гуруҳлари ўртасидаги музокара ва мулоқотлар сиёсий шоуга айланмаслиги керак, балки Корея яриморолида тинчлик ўрнатиш учун фойдали бўлиши керак», - дея қўшимча қилган Юн Сук.
15 август – Мустақиллик кунида қилган нутқида у Сеулнинг шимолий қўшниси ядросизланиш йўлида чора кўрса, унинг иқтисодиётини босқичма-босқич яхшилаш бўйича “жасур режаси”ни амалга ошириш ниятида эканлигини яна бир бор тасдиқлади. Жанубий Корея КХДР ривожи, энергетика, савдо, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларга сезиларли ҳисса қўшишга тайёрлигини маълум қилди.