Женинда операция якуни: Фаластин ҳукумати Исроил рейдини "ҳарбий жиноят" деб атади
Исроил аскарларининг Фаластин маъмуриятидаги Женин шаҳрида антитеррористик операцияси якунлангани хабар қилинди.
Кўп ўтмай Тель-Авивда фаластинлик йигит машинасини автобус бекатига келиб урган, кейин машинадан тушиб, одамларга пичоқ билан ҳужум қила бошлаган. Терактда камида 9 киши яралангани айтилмоқда.
Қотилнинг ёнида қуроли бўлган йўловчилардан бири отиб ўлдирган. Фуқаронинг ҳаракати Исроил ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари томонидан юқори баҳоланди. Тезкор жавоб ва қатъий ҳаракат каттароқ ҳужум ва қурбонлар бўлишини олдини олган, деб ҳисобламоқда улар.
Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати бу ҳужумни Исроилнинг Ғарбий Соҳилдаги Женинда олиб борилган ҳаракатларига “биринчи жавоб” деб атамоқда. Исроил армияси у ерда икки кун давомида террорга қарши операция ўтказган эди. Расмий маълумотларга кўра, 300 га яқин гумондор қўлга олинган, кўп сонли қурол ва портловчи моддалар мусодара қилинган, қурол лабораториялари йўқ қилинган.
Фаластинлик шифокорларга кўра, отишмаларда камида 10 киши ҳалок бўлган, 120 дан ортиқ киши жароҳатланган. Фаластин ҳукумати Исроил рейдини "ҳарбий жиноят" деб атади.