Жет Ли: «Шаолинь устаси»дан «Мулан»гача бўлган олис йўл
Хитойлик киноактёрлар ўйнаган фильмлар ҳар доим ҳам киномухлислар томонидан севиб томоша қилинади. Брюс Ли, Жеки Чан, Донни Йен каби маҳоратли спортчи ва таниқли актёрлар орасида Жет Ли ижро этган халқ қаҳрамонлари, императорлар, қўрқмас, эпчил шарқ яккакураш усталари роллари жаҳон кинооламида ўзига хос ўрин эгаллаган.
Асл исми Ли Ляньцзе бўлган шарқ яккакурашлари устаси 1963 йил 26 апрелда Хитой пойтахти Пекин шаҳрида дунёга келган. Оилада бешинчи фарзанд бўлган Жет Ли отасидан айрилганида эндигина икки ёшда бўлган. Саккиз ёшида мактабнинг биринчи синфига борган.
Саккиз ёшли «ўқитувчи»
У синфдошларига нисбатан ёши каттароқ бўлгани сабабли ўқитувчиларга жисмоний тарбия дарсини ўтишда ёрдам берган. Баъзида ўқитувчилар дарсга келмай қолганларида қаҳрамонимиз дасрни давом эттириб турган. Ли синфдошлари билан ёзги таътилда спорт лагерига борганида илк марта Шарқ яккакураш турларидан бўлган ушу билан танишади. Оромгоҳда ташкил этилган ушу тўгараги борлигини эшитиб, тенгдошлари билан машғулотларга қатнади. Кейинчалик таътил тугагач, Ли бу спорт тури билан жиддий шуғулланишга қарор қилди. Пекин шаҳридаги ушу маркази мураббийлари ундаги иқтидорни кўргач, унинг шуғулланишига алоҳида эътибор бера бошлашади.
Ўз маҳоратини ошира борган Ли қатор мусобақаларда ўзини яхши томондан кўрсатиб мураббийлар назарига тушди. 1972 йилда эса мамлакат миллий чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади. Мусобақада барча рақибларини енгиб, ўзининг илк олтин медалини қўлга киритади. Унинг спортдаги ютуқларини кўрган мактаб раҳбарияти ундан мактаб шаънини янада юқорига кўтариши эвазига барча дарслардан озод қилишади ва мунтазам шуғулланишига шароит яратишади. Бошоғриқ дарслардан қутулган спортчи тажрибали мураббийлар қўли остида ўз маҳоратини оширади.
МРБ айғоқчиларини фош қилган ёш спортчи
1974 йилда мамлакат чемпионатининг саралаш мусобақаларининг барчасида ғолиб бўлгач, уни ҳам мамлакатнинг энг кучли 30 спортчиси сингари миллий терма жамоага қабул қилишади. Терма жамоа сафида АҚШда бўлиб ўтадиган халқаро мусобақада иштирок этади. Мазкур турнирга кетиш олдидан Хитой ҳукумати мутасаддилари спортчиларни ўзга мамлакатда яшаш, юриш-туриш, шунингдек, меҳмонхоналардаги ҳаёт тарзини Марказий разветка бюроси (МРБ) айғоқчилари эшитишлари ва кузатишлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришади. Улардан эҳтиёт бўлишларини таъкидлашади. Аммо хитойлик спортчилар орасида энг шўхи ва ўйинқароғи бўлган Ли АҚШдаги меҳмонхонада яшаган пайтда яширин эшитиш ускунаси бор-йўқлигини текшириш мақсадида телефон, шкаф, гул солинадиган идишлар ёнига бориб шоколад, музқаймоқ ва мевалар ейишни хоҳлаётганини қаттиқ овозда айтаверади. Сўнгра хонани атайлаб тарк этади. Бироздан сўнг қайтиб келганида стол устида у хоҳлаган нарсалар қўйилганлигини кўради. Кейинчалик актёрнинг кулиб эслашича, унинг қилиқлари ҳақида эшитган делегация раҳбарлари Хитойга қайтгач, анча вақтгача турли саволлар билан бошини оғритган экан.
АҚШ Президентининг эътирофи
Бўлажак спортчининг мусобақадаги ҳар бир ғалабаси АҚШнинг ўша вақтдаги Президенти Ричард Никсон томонидан эътироф этилган. Ли Ғарб халқларининг яшаш тарзи, урф-одатларини кўриб ҳайрон бўлади. Шундай тўқчиликда яшаётган америкаликларнинг «душман» бўлишига ишонмайди ва америка ҳақидаги фикри бутунлай ўзгариб кетади.
12 ёшли Ли ўсмирлар ўртасида мамлакат чемпионатида, сўнгра III миллий чемпионатда бир йўла тўртта олтин медални қўлга киритди. Терма жамоа сафида қатор мамлакатлардаги турли мусобақа ва турнирлар ғолиби бўлди. У моҳир спортчи ва «ишончли хитойлик» сифатида ҳукумат тадбирларига, хориж делегациялари билан учрашувларга таклиф қилина бошланди. 2009 йилда Жет Ли Хитой ва АҚШ фуқаролигидан воз кечиб, Сингапур фуқаросига айланди.
Иккинчи «Брюс Ли»
Жет Ли 18 ёшида кино оламига кириб келди. Спортда эришган ютуқлари уни экранга олиб чиқди. Мусобақалардаги тезкор жанговар ҳаракатларини кўрган кино режессёрлар ундан иккинчи Брюс Лини яратиш мақсадида кинога таклиф қилишди. Ниҳоят, 1982 йилда у «Шаолин ибодатхонаси» фильмидаги илк бош ролини ижро этди. Фильм Хитойда катта муваффақият қозонгач, 1983 йилда «Шаолинь ибодатхонаси-2: Шаолинь болалари» ҳамда 1986 йилда «Шаолин ибодатхонаси-3: Шаолиннинг жанговар санъати» фильмларида суратга тушди. 1989 йилда мазкур фильмнинг учинчи қисми - «Шаолиннинг жанговар санъати» совет телевидениясида намойиш этилганида Шарқ яккакураш турлари тақиқланган мамлакатда ҳам шуҳрат қозонди. Мазкур фильмлардан сўнг Лига «Жет», яъни инглизча «тезкор» лақаби берилди. Кейинчалик у «Бир куни Хитойда - 1-2-3 фильмларида Хитой миллий қаҳрамони, кунг-фу устаси Хуан Фэйхун ролини қойилмақом қилиб ўйнади.
Жеки Чандан ролини олиб қўйган «ёмон бола»
1993 йилда ишланган «Афсона», «Афсона-2» фильмлари Гонгконг киносаноатида ҳануз энг яхши фильмлар қаторидан жой олиб келинади. Осиё, Европа ва Америка қитъаларида ном қозонган Жет Ли 1998 йилга келиб илк марта Голливудда дебют қилади. Уни Жеки Чан ўйнашдан бош тортган «Ўлим қуроли-4» фильмидаги «ёмон бола» ролига таклиф қилишади.
У бош ролларни ижро этган «Ромео ўлиши шарт» (2000), «Аждарҳо бўсаси» (2001), «Қарама-қаршилик» (2001), «Қаҳрамон» (2002), «Бешикдан қабргача» (2003), «Денни занжирбанд ит» (2005), «Қўрқмас» (2006) ҳамда «Уруш» (2007) фильмлари бутун дунёда шуҳрат қозонди.
Унинг сўнгги ишларидан бири - 2008 йилда «Ёпиқ қироллик» фильмида Жет Ли биринчи марта яна бир машҳур актёр Жеки Чан билан биргаликда кинога тушди. «Мўмиё: Аждарҳолар императори даҳмаси» шуҳрат қозонди. 2010 йилда актёр С.Сталлоне томонидан «Тутқич бермас» -2 ва -3» фильмларида суратга тушди. Унинг сўнгги фильми 2020 йилда суратга олинган «Мулан» бўлиб, унда император сифатида гавдаланган.
Фарзандини «Матрица»дан устун қўйган актёр
Голливудда Жет Лига «Матрица» кинотрилогияси ва бошқа қатор фильмларга таклиф қилишади. Аммо у ўйнашдан бош тортади. Бунга у ўз интервьюларида фарзанд кутаётган хотини ёнида бўлишига ваъда берганлиги сабабли мазкур роллардан бош тортганини таъкидлайди. У сўзини устидан чиқди.
Жет Ли Тибет буддизмини тарғиб қилиб келади. У ҳатто бир марта Далай-лама билан шахсан учрашган. Аммо 2007 йилда Тибет мустақиллигини тан олмаслигини таъкидлайди. Унинг терма жамоадаги дўсти, спортчи Хуан Циюандан икки қизи бор. Аммо 1990 йилда юлдузли жуфтлик ажрашади. 1999 йилда Жет Ли яна гонконглик актриса Нина Ли Чига уйланди. Ҳозирда уларнинг иккита фарзанди бор.
2004 йилда актёр қизлари билан Мальдив оролларида дам олаётганда оролга цунами ёпирилади. Кўпчилик уни ҳалок бўлган деб ҳисоблашади. Аммо Ли қизини қутқариш пайтида оёғидан жароҳат олади. Ҳозир жаҳоннинг энг иқтидорли актёрларидан бири хайрия ишлари билан шуғулланади ва Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг элчиси ҳисобланади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ таржимаси.