Карантин тадбирлари давом этмоқда
Иштихон тумани ҳокими Ш.Негматов ва Каттақўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари С.Мингбоев иштирокида пандемия даврида ҳудудда санитария, карантин тартиби ва нормалари ҳамда амалдаги қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлашга бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Иштихон туманида ўтказилган брифингда қайд этилишича, туманга 15 мартдан буён эпидемик нохуш давлатлардан келган 1005 нафар фуқаронинг барчаси 14 кунлик уй назоратига олиниб, касаллик белгилари аниқланмаганлиги сабабли уларнинг барчаси назоратдан чиқарилган.
Бугунги кунгача 1137 нафар фуқаро лаборатория текширувидан ўтказилган. Кенг кўламли чора-тадбирлар олиб борилишига қарамай туманда 16 нафар фуқарода инфекция билан касалланиш ҳолати аниқланган. Ҳозирда бу беморларнинг барчаси тўлиқ соғайиб, оиласи бағрига қайтган.
Айни пайтда Иштихон тумани белгиланган қоида ва тартибларга қатъий амал қилиниши ҳамда инфекция билан касалланганларнинг мавжуд эмаслиги сабабли яшил ҳудудлар тоифасига киритилган.
Каттақўрғон туманида ташкил этилган брифингда С.Мингбоев карантин даврида санитария қоидалари ва нормаларига, амалдаги қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида туманнинг Хатирчи, Иштихон ва Каттақўрғон шаҳарлари билан чегарадош қишлоқларида блок постлар ташкил қилинганини таъкидлади.
Туманда касалликка гумон қилинган 23 нафар фуқаро ички ишлар идоралари ва ҳудудий оилавий поликлиникалар ходимлари томонидан уй карантинига олинган. Улар билан мулоқотда бўлган қариндошлари ҳамда бошқа 111 нафар фуқаро 14 кунлик кузатувда. Шунингдек, хорижий мамлакатлардан кириб келган 897 нафар фуқаро билан суриштирув ишлари олиб борилиб, 213 нафари тиббий кузатувга олинган. Уларнинг ҳеч бирида коронавирус инфекциясига хос клиник белгилар аниқланмаганлиги сабабли назоратдан чиқарилган.
Иштихон ва Каттақўрғон тумани ҳокимликлари ахборот хизмати.