Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги томонидан ўтказилган 200 миллион сўмлик давлат хариди бeкор қилинди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан олиб борилган мониторинг натижасида Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги буюртмачилигида аёллар дафтарида турган фуқароларга тикув машиналари харид қилиш юзасидан 2023 йил 13 февраль куни ўтказилган 200 млн. сўмлик давлат харидида бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Агентлик хабарига кўра, мониторинг натижалари мазкур давлат хариди бўйича “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилганлиги, жумладан, давлат харидларида иштирок этган 3 та талабгорлардан 2 таси бир шахсга тегишли эканлиги, яъни ўзаро аффилланганлиги ҳолатлари мавжудлигини кўрсатган.
Шунингдек, ушбу давлат хариди бўйича Харид комиссияси томонидан фойдаланган компьютерларнинг IP-манзиллари маълумоти ўрганилганда харид комиссиясининг барча аъзолари 5 дақиқа вақт ичида IP-манзили бир кишига тегишли бўлган компьютер орқали бошқарилиб, харид натижалари баҳоланган ва баённома расмийлаштирилганлиги аниқланди.
Бундан ташқари, харидда иштирок этган 3 та иштирокчининг ҳужжатлари ҳам Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигига тегишли бўлган (фойдаланган) компьютернинг IP-манзили орқали махсус электрон платформага юкланганлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолатлар бўйича харид комиссиясининг баённомасини бекор қилиш тўғрисида буюртмачига тақдимнома киритилган ва чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилган, ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказиш учун Самарқанд вилоят ҳокимлигига сўровнома киритилган.
Вилоят ҳокимлиги томонидан 2023 йил 27 февраль куни Агентликка тақдим этилган хатга кўра, Агентликнинг тақдимномасида қайд этилган камчиликлар бартараф этилиб, харид комиссиясининг баённомаси бекор қилинган ҳамда ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаган харид комиссиясининг раисига нисабатан маъмурий, бир нафар комиссия аъзосига эса интизомий жавобгарлик қўлланилган.